Орол денгизининг қуриши нафақат минтақавий, балки глобал миқёсда экологик мувозанатнинг бузилиши ва иқлим ўзгаришига салбий таъсирини кўрсатиб келмоқда. Мамлакатимизда ушбу экологик муаммога илмий асосда ечим топиш учун катта эътибор қаратилмоқда.
Нукус шаҳрида бўлиб ўтган “TechnoWays” технологик ривожланиш марафонининг республика босқичи иштирокчилари орасида ушбу глобал муаммони бартараф этишга ёрдам берадиган лойиҳалар ва қурилмаларни ишлаб чиқиб, тақдимот қилаётган ёшлар кўпчиликни ташкил этди.
Улардан бири “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университетининг 4-босқич талабаси Нуъмонжон Иброҳимов бўлиб, у мазкур марафонда “Агроқанот” жамоаси билан бирга иштирок этди.
– “Бойқуш” қишлоқ хўжалиги экин ва дала майдонларига автоматлаштирилган ҳолда ўсимлик уруғларини масофадан сепиш ва экиш учун мўлжалланган учувчисиз бошқарадиган қурилма бўлиб, у шўрланиш даражаси юқори бўлган Орол денгизининг қуриган тубида саксовул ўсимлиги уруғини ёйиш учун ҳам хизмат қилади. Бизга маълум, денгизнинг қуриган шўрли тубида 2018 йилнинг декабрь ойидан буён “яшил қопламалар” ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш ишлари олиб борилмоқда. Бунинг натижасида ҳозирги кунгача денгизнинг 1 миллион 730 минг гектаридан ортиқ ҳудудида ўрмонзор пайда бўлди. Биз таклиф қилаётган ушбу қурилма орқали Орол денгизининг қуриган тубида ўсишга мослашган саксовул ўсимлиги уруғини сепиш ишларини самарали ва кам харажат сарфлаган ҳолда амалга ошириш имкони бор, – дейди Нуъмонжон.
Шунингдек, мазкур қурилма боғдорчиликда дарахтларни чанглатиш, қишлоқ хўжалиги асбоб-ускуналарини ташиш имкониятига ҳам эга.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.