Хабарингиз бор куни кеча Осиё қитъасида футбол бўйича Жаҳон чемпионати 3-саралаш босқичининг тўртинчи тур учрашувлари бўлиб ўтди. Ушбу турдан сўнг “A”, “B” ва “C” гуруҳларида тўрт ўйин якунларига кўра етакчи терма жамоалар аниқланди.
Тўртинчи турдан сўнг барча гуруҳлардаги вазият қуйидагича кўриниш олди.
Жумладан, “A” гуруҳида Ўзбекистон терма жамоаси “Бунёдкор” стадионида БАА устидан 1:0 ҳисобида зафар қучган бўлса, Эрон 4:1 ҳисобида Қатардан устун келди. Бунинг натижасида Эрон ва Ўзбекистон термалари очколарини 10 тага етказиб олди. БАА ҳамда Қатар эса 4 очко билан кейинги поғоналарда қолди. Қирғизистон ўз майдонида КХДР устидан зафар қучиб, 3 очко жамғарган ҳолда 5-ўринга кўтарилиб олди. КХДР ҳамон 2 очко эвазига сўнгги ўринда бормоқда.
“B” гуруҳида навбатдаги босқичга чиқиш учун Жанубий Корея ўз имкониятларини янада яхшилаб олди. Иордания ва Ироқ эса иккинчи ўриндан жой олиш учун асосий даъвогарлар қаторида бормоқда. Аниқроқ айтадиган бўлсак, Жанубий Корея ўз майдонида Ироқни 3:2 ҳисобида таслим қилди. Иордания ва Ўмон ўйини йирик 4:0 ҳисобида якунланди. Фаластин эса Қувайт билан 2:2 ҳисобида дурангга имзо чекди.
Ушбу натижалардан сўнг, Жанубий Корея 10 очко билан гуруҳ пешқадамига айланди. Иордания ва Ироқ терма жамоалари 7 очко жамғарган ҳолда кучли учликка жойлашди. Ўмон ва Қувайт 3 очко билан 4-5-ўринлардан жой олган бўлса, Фаластин эса 2 очко билан 6-поғонадан ўрин олди.
“C” гуруҳида яққол фаворит кутилганидек Япония терма жамоаси бўлса-да, бу турда очко йўқотди. Бу жамоа ўз майдонида Австралия билан 1:1 ҳисобида дуранг қайд этди. Хитой эса 2:1 ҳисобида Индонезияни доғда қолдириб, муҳим 3 очкони қўлга киритди. Саудия Арабистони ва Баҳрайн учрашуви 0:0 ҳисобида якунланди.
Айни вақтда Япония 10 очко билан гуруҳда карвонбошилик қилаётган бўлса, Австралия, Саудия Арабистони ҳамда Баҳрайн терма жамоалари бир хил – 5 очко жамғариб, навбатдаги босқичга чиқиш имкониятларини сақлаб қолди. Уларнинг гуруҳдаги жойлашуви эса фақатгина голлар нисбатига кўра сараланди. Индонезия ва Хитой термалари 3 очко билан 5-6 ўринга тушиб қолди.
Шуни таъкидлаб ўтишимиз лозимки, ушбу босқичда ҳали мағлубиятга учрамаган 4 та терма жамоа бор – Ўзбекистон, Эрон, Япония ва Жанубий Корея. Аммо уларнинг барчаси очко йўқотишга улгурди. Қизиқарлиси, тўртала терма жамоа ҳам 10 очкодан жамғарди.
Жаҳон чемпионати 3-саралаш босқичининг бешинчи тури 14 ноябрь куни бўлиб ўтади. Унда қуйидаги ўйинлар ўтказилади:
“A”: Ўзбекистон – Қатар, БАА – Қирғизистон, КХДР – Эрон;
“B”: Иордания – Ироқ, Қувайт – Жанубий Корея, Ўмон – Фаластин;
“C”: Идонезия – Япония, Австралия – Саудия Арабистони, Баҳрайн – Хитой.
Маълумот ўрнида: 2026 йилда АҚШ, Канада ва Мексика мамлакатларида бўлиб ўтадиган футбол бўйича Жаҳон чемпионатида 48 та жамоа иштирок этиши белгиланган. Қитъамизга тўғридан-тўғри 8 та, қитъалараро плей-офф ўйинлари орқали эса битта ўрин ажратилган.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА