Малайзия делегациясининг учрашувлари

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси бошлиғи Рустам Исроилов Малайзия жиноий масалалар бўйича полицияси бошлиғининг ўринбосари Дато Моҳд Закариа Аҳмад билан учрашди.
Музокарада Ўзбекистон билан Малайзия ўртасида жиноятчиликка қарши курашиш ва қидирув фаолиятида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан 2018 йил 10 февралдан Малайзия фуқаролари учун визасиз тартиб жорий қилингани сайёҳлар оқимини оширишга хизмат қилаётгани таъкидланди.
Икки мамлакат ҳуқуқ-тартибот органлари ўртасида ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш, халқаро терроризм, диний экстремизм, одам савдоси каби трансмиллий жиноятчиликнинг барча кўринишларига қарши биргаликда курашиш имконини беради. Учрашувда бунинг асосларини яратиш, ноқонуний миграцияга қарши курашишда идоралараро муносабатларни фаоллаштириш юзасидан фикр алмашилди. Икки томонлама алоқаларни фаоллаштириш баробарида минтақавий ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Малайзия делегацияси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси ва Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасида ҳам бўлиб кадрлар тайёрлаш, жиноятчиликка қарши курашиш борасида Ўзбекистон тажрибаси билан танишди.

 

Улуғбек Шоназаров, ЎзА