Хитой илмий-технологик соҳада эълон қилинган нашрлар сони бўйича дунё мамлакатлари орасида биринчи ўринга кўтарилиб, амал қилинаётган ички патентлар кўплиги бўйича ҳам етакчига айланди. Бу ютуқлар инвестиция киритиш, кадрлар салоҳиятини ошириш орқали мамлакатни илмий-техникавий жиҳатдан энг қудратли давлат мақомини қўлга киритиш учун асос бўлмоқда. “РИА Новости” Росконгресс тадқиқоти хулосаси билан танишиб, шундай хулоса ясаган.
– Хитой 1996-2020 йиллар мобайнида тадқиқот ва ишланмага жалб қилинган инвестиция миқдорини 3299 фоиз оширган, – дейилади мақолада.
Самолётнинг етакчи ҳаракатлантирувчи кучи, жумладан гипер товушли қўзғалиш бўйича ер юзида олиб борилган тадқиқотларнинг 48 фоизи Хитой ҳиссасига тўғри келади. Хусусан, двигател, сунъий йўлдош ва гипер товушли ракета яратиш билан боғлиқ бошқа технология воситалари ишлаб чиқарилиши мазкур давлат етакчилигини таъминламоқда.
ХХР илмий ихтиро ва ишланмага сарфлаётган маблағ Европа Иттифоқининг 27 мамлакатининг бу борадаги жами кўрсаткичидан юқори.
Дарвоқе, айни йўналишларга сармоя киритишда ҳамон АҚШ етакчи. Хитой эса инвестиция миқдорини ошириш суръати бўйича биринчи ўринга чиққан.
Таҳлилчилар ХХР сунъий интеллект соҳаси учун малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича АҚШга етиб олаётганига ҳам эътибор қаратган. 2023 йил таҳлили АҚШ айни тармоқ етакчилари учун асосий иш жойи бўлиб қолаётганини кўрсатди. Бу борада Америкага яқинлашаётган мамлакатлар кўпаймоқда. Масалан, 2019 йил айни йўналишда эътироф этилган кучли ходимларнинг 11 фоизи Хитойда ишлаган. 2022 йилга келиб ушбу кўрсаткич 28 фоизга етгани мазкур мамлакатда сунъий интеллект тармоғи жадал юксалаётганидан далолат.
С.Раҳимов, ЎзА