Бугун, 9 октябрь куни Қозоғистонда ўтаётган стол тенниси бўйича Осиё чемпионатида теннисчи йигитларимиз қитъа чемпионатининг 17-ўрни учун Шри-Ланкага қарши майдонга тушади. Шунингдек, кун давомида стол теннисчиларимиз микст ва жуфтлик дастурларида саралаш баҳсларини ўтказади.

Кеча беллашувларда теннисчи қизларимиз жамоавий дастурдаги иштирокларини якунлади.

26 та давлатнинг 200 нафардан зиёд маҳоратли кичик ракетка усталари қатнашаётган чемпионатнинг 11-14-поғоналари учун кечган беллашувда ҳамюртларимиз дастлаб қозоғистонликларни 3:2 ҳисобида мағлубиятга учратди. 11-ўрин эгаси аниқланган баҳсда Малайзия 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Ушбу натижа стол тенниси бўйича Ўзбекистон қизлар терма жамоаси жамоавий баҳсда 12-ўринни эгаллашига олиб келди.

Ортда қолган куннинг энг қизиқарли ўйини 14 ёшли эронлик Бенямин Фаражи ва жаҳон рейтинги етакчиси хитойлик Чутсин Ван ўртасида ўтди. Эронлик спортчининг жамоавий дастурда жаҳон рейтингида етакчилик қилаётган рақибини мағлубиятга учратгани мусобақанинг шов-шувли натижаси бўлди.

Баҳслар 13 октябрга қадар давом этади.

Т.Рўзиев, ЎзА