Мехнатнинг таги роҳат! Ҳа, кўп йиллик ҳаракат, изланиш ва интилиш мевасини бермай қолмайди.
Кеча Швеция пойтахти Стокгольм шаҳрида Физика бўйича 2024 йилги Нобель мукофоти лауреатлари сифатида сунъий интеллект соҳаси олимлари Жон Хопфилд ва Жефри Хинтон номлари эълон қилинди.
Ғолибларни саралаган Қироллик Фанлар академияси муносиблар “Қурилмаларни сунъий нейрон тармоғи ёрдамида ўрганиш имконини берувчи фундаментал кашфиёти ва ихтироси” туфайли танланганини эътироф этди.
Масъуллар таъкидлашича, жуфтлик сунъий интеллектни ривожлантириш учун жуда муҳим бўлган кучли машинани ўрганишга асос яратадиган усулларни ишлаб чиққан ва бу жараёнда физика оламидаги воситалардан самарали фойдаланган.
АҚШ Принстон университети профессори Хопфилд маълумотдаги тасвир ёки нақшни сақлаш ва қайта тиклай оладиган ассоциатив хотира яратди. Хинтон эса маълумот хоссасини автоном тарзда топиш йўлини ихтиро қилгани учун шарафланган.
Торонто университетининг британия-канадалик профессори ҳисобланган Хинтон ғолиб сифатида шундай деди: Кўзларимга ишонмайман. Бундай бўлишини хаёлимга ҳам келтирмагандим. Фақат сунъий интеллект биздан кўра ақллироқ тизим. Охир-оқибат AI бошқарувни қўлга киритиши мумкинлигидан хавотирдаман.
Бир йил олдин физика бўйича Нобель мукофотини франциялик Пер Агостини, француз-швед Анне Л’Хуиллиер ва венгр-австриялик Ференц Краус атом ва молекула ичидаги электрон бўйича тадқиқоти учун олган эди.
Бугун-эрта кимё ва адабиёт бўйича совриндорлар аниқланади,.Тинчлик йўналишида 11 октябрь, иқтисод бўйича эса 14 октябрь куни йил қаҳрамонлари маълум қилинади.
Маълумки, Нобель мукофоти динамит ихтирочиси, швециялик Альфред Нобель томонидан таъсис этилган. У 1896 йил вафот этишидан олдин қолдираётган бойлигини ўз васиятига кўра, махсус жамғарма ҳисобига ўтказган. Шундан буён, яъни 1901 йилдан бошлаб тўпланадиган даромад 5 қисмга тенг бўлиниб, ирқи, миллати, жинси ва динидан қатъи назар, физика, кимё, физиология ёки тиббиёт соҳасидаги кашфиётлар, бадиий асар, халқлар дўстлиги ва тинчликни мустаҳкамлаш йўлидаги алоҳида фаолият учун ажратиб келиняпти.
1968 йил Швеция давлат банки томонидан муассасанинг 300 йиллиги муносабати билан иқтисодиёт соҳасидаги ютуқ учун бериладиган қўшимча мукофотни таъсис этди.
Бу йилги совриндорларга медаллар ва 1 миллион доллар миқдоридаги пул мукофоти 10 декабрь куни, Нобель вафоти санаси муносабати билан ўтказиладиган йиллик маросимда топширилади.
Альфред Нобельнинг сўнгги хоҳишига кўра, совринни эгаларига тақдим этиш вазифаси Стокгольмдаги физика, кимё, иқтисодиёт бўйича Қироллик Фанлар академияси, физиология, тиббиёт бўйича Тиббий-жаррохлик институти ва бадиий асарлар бўйича Швеция академияси зиммасига юклатилган. Тинчликни мустаҳкамлаш йўлидаги намунали фаолият учун таъсис қилинган мукофотни Норвегия парламенти Нобель қўмитаси топширади. Айнан шу совриндан ташқари барча мукофотлар индивидуал тарзда берилади.
Дарвоқе, вафот этганлар номзоди бу мукофот учун кўрсатилмайди.
Элатиб ўтамиз, илк мукофот 1901 йил топширилган.
Мусулмон Зиё, ЎзА