Сайёрамиз билан тўқнашган тақдирда глобал фалокат келтириб чиқарадиган самовий жисмлар кўпчиликни хавотирга соладиган мавзу ҳисобланади. Дунё олимлари айнан шу глобал муаммога ечим топиш йўлида изланмоқда.
Европа коинот агентлиги (ESA) томонидан йўлга қўйилган “Hеrа” миссияси NАSАнинг DАRТ космик қурилмаси туфайли йўналишини ўзгартирган астероидни текширади. Ушбу амалиёт натижаси келажакда Ернинг сайёравий мудофаа тизимига асос бўлиши мумкин.
Хуллас, ESA илк сайёравий мудофаа фаолияти доирасида “Space Х Ғаlсоn-9” ракетасини учириб, 195 миллион километр масофада жойлашган Диморфос астероидига йўл олди.
“Hеrа”нинг асосий мақсади икки йил олдин астероиднинг йўналишини ўзгартириш учун жисм юзасига атайлаб қулатилган NАSА DАRТ фазовий кемасини ўрганишдир.
DАRТ астероид йўналишини буриб юборган ва “кинетик таъсир” техникасининг илк синовида самовий жисм траекториясини ўзгартирган инсон яратган биринчи объектдир.
Ҳаво кемасининг таъсирланган жойини кузатаиш орқали астероид таркибини ўрганадиган бу техника келажакда Ердаги ҳаётни сайёравий мудофаа қилиш тизимига асос бўлиши мумкин.
–“Hеrа” миссияси DАRТ ва Япония коинот агентлиги (JАХА) билан бирга глобал миқёсда ишлаётганимизни кўрсатади, – деди лойиҳа менежери Ян Карнелли. – Бу сайёравий мудофаа ва глобал ҳаракат. Қолаверса, ҳамкорлигимиз инсоният бирлашса, қандай натижаларга эриша олишини исботлайдиган ажойиб намунадир.
Маълум бўлишича, миссия Диморфосга ва ушбу жисм орбитасида айланиб юрган каттароқ астероидга етиб боргунча тахминан икки йил ўтади.
Иш бошлаши тўрт йил давом этган “Hеrа” лойиҳаси Европанинг 18 мамлакати, шунингдек қитъадаги 70 компания ва JАХАни бирлаштирди.
– Ушбу илк ташаббус айни пайт Европада амалга оширилган энг тез сайёравий миссия саналади, – дейди олим Майкл Купперс. – Далиллар кўрсатдики, тез ҳаракатланиш орқали астероидни ҳам йўналишидан чиқариб юбориш мумкин.
Кема Диморфосга 2026 йил октябрь ойида етиб бориши кутиляпти. Шундан сўнг самовий жисм сатҳига стандарт ўлчамдаги икки кичик сунъий йўлдош –“CubeSats” жойлаштирилади ва маълумотни йиға бошлайди.
Эслатиб ўтамиз, астероидлар (юнонча астер – юлдуз, эйдос – кўриниш) – кичик сайёра, яъни Қуёш атрофида эллиптик орбита бўйлаб ҳаракатланувчи,аксари Марс ва Юпитер орбиталари оралиғида жойлашган кичик жисмлар.
Биринчи бор астероидни италиялик астроном Ж.Пиацци 1801 йил 1 январь куни тасодифан, юлдузлар жадвалини тузиш билан шуғулланаётганда аниқлаган ва “Серера” деб ном берган. Ушбу “митти” жисм тахминан 149,6 миллион километр масофада туриб, Қуёш атрофида айланади.
Мамлакатимиз ҳудудида астероидларни кузатиш 1900 йил бошланган. Иккинчи жаҳон уруши даврида Ўзбекистон Фанлар академияси Астрономия институти томонидан Китоб халқаро кенглик станциясида иш олиб борган Григорий Неуймин ўзи ихтиро қилган юздан ортиқ кичик сайёрадан бирини “Ўзбекистон” дея номлаган. 1930 йил “Хира юлдузлар жадвали” халқаро дастурига мувофиқ махсус танланган 20 та энг равшан астероид ҳаракати 1980 йилга қадар текширилиб, осмонда инерциал координата тизимини шакллантириш жараёнига салмоқли ҳисса қўшилди. Бу XX асрда астрометрия ва осмон механикаси соҳаларида эришилган ғоят муҳим илмий натижа ҳисобланади.
Қолаверса, ўзбек астрономлари кейинги 30-40 йил давомида астероидларга оид барча халқаро дастурларда фаол қатнашиб келмоқда.
Дарвоқе, Марс ва Юпитер оралиғида ҳозир Беруний, Улуғбек каби дунёга машҳур ўзбек алломалари шарафига аталган астероидлар парвоз қилиб юрибди.
Мусулмон Зиё, ЎзА