Эстония пойтахти Таллин шаҳрида от спортининг конкур йўналишидаги халқаро мусобақада дунёнинг энг кучли чавандозлари билан баҳслашган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари биттадан олтин ва бронза, уч кумуш медални қўлга киритди.

Халқаро турнирнинг дастлабки куни тўсиқ баландлиги 140 см. бўлган маршрутда Абдураҳмон Абдуллаев “Otto van de Achterhoek” лақабли отда 1-ўринни қўлга киритган бўлса, кучли учликни “Matts V.G” лақабли тулпорда ҳаракатланган Бекзод Қурбонов якунлаб берди. 135 см. масофадаги беллашувларда Баҳромжон Газиев 5-ўрин билан кифояланди.

Мусобақанинг иккинчи кунида спортчиларимиз медаллар жамғармасини иккита кумуш медал билан тўлдирди. Бекзод Қурбонов “6 тўсиқ” йўналишида, Абдураҳмон Абдуллаев эса 145 см.лик маршрутда совриндорлар қаторидан жой эгаллади.

Мусобақанинг сўнгги кунидаги тўсиқлар баландлиги 150 см. бўлган Гран-при баҳсларида терма жамоамиз аъзоси Абдураҳмон Абдуллаев кумуш медал соҳиби бўлди.

Шу тарзда чавандозларимизнинг муваффақияти эвазига Таллин спорт майдонида   мадҳиямиз янграб,  байроғимиз юксалди.

Т.Рўзиев, ЎзА