Қирғиз Республикаси Иқтисодиёт ва савдо вазирлиги томонидан Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлмаган давлатлардан мамлакат ҳудудига сигарета олиб кириш, ушбу маҳсулотни транзит ёки реэкспорт қилишни олти ой муддатга тақиқлаш таклиф қилинмоқда.

“Kazinform” агентлиги хабар беришича, ҳукуматнинг айни мазмундаги тегишли қарори муҳокамага қўйилган.

2023 йил давомида Солиқ хизмати томонидан ноқонуний муомаладан 65 231 қути сигарет мусодара қилинган. Четдан ноқонуний кириб келган маҳсулот улуши 17,7 фоизни ташкил қилган. “Oris”, “Mondeo”, “Like” ва “Madrid” бренди остида муҳрланган сохта сигареталар БAA ва Сербияда ишлаб чиқарилган. Юқоридаги брендлар техник регламентга мувофиқ сертификатланмаган.

Экспертлар тадқиқотида Қирғизистон тамаки маҳсулотларини ноқонуний муомалага киритиш бўйича Марказий Осиёда асосий нуқта бўлиб қолмоқда. Сўнгги 4 йил ичида бож олинмайдиган дўконларда сотилиши мўлжалланган маҳсулотни етказиб бериш ҳажми 10 баробардан кўпроқ ошган. Божсиз савдо ҳудуди ва божхона омборидаги айланма 2023 йил 300 миллион қутига етган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистонда қора мол, майда чорва моли ва отни учинчи давлатга олиб чиқиш учун рўйхатга олиш ва рухсатнома бериш вақтинча тўхтатилгани хабар қилинган эди.