Энди уйда ўтирган аёлларга ҳам меҳнат дафтарчаси очилади

Бу ҳақида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан мамлакатимизда хотин-қизларга алоқадор бир қанча масалалар, бу борада амалга оширилаётган ишлар муҳокамасига бағишланган матбуот анжуманида айтиб ўтилди. 
Анжуманда, ҳозирда республикамизда 59 минг аёл оғир ижтимоий аҳволда кун кечираётгани, уларни уй-жой, ишсизлик каби муаммолар қийнаб келаётгани таькидланди. Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева нутқида бу муаммоларга алоҳида тўхталиб ўтди.
‒ Муҳтарам Президентимиз аёллар масаласига оид бир қанча қарорлар, фармонлар тасдиқладилар. Улар натижасида эндиликда уйда ўтириб меҳнат қилаётган аёллар ҳам қонуний меҳнат стажига эга бўлиши мумкин. Ҳеч қайси давлатда бундай имтиёз йўқ. Мисол учун, уйда 20-30 та товуқ боқиб, ёки томорқасида меҳнат қилаётган аёлларга ҳам меҳнат дафтарчаси очиш мумкин. Улар учун 4-7 фоизли кредитлар берилмоқда. Яқинда тизимимизда 11-46 рақамли ягона ишонч телефони ишга туширилади. Оғир ижтимоий аҳволга тушган, кимдир зўрлик, зўравонлик ўтказаётган, ҳаётида қийналаётган аёллар мазкур рақамга телефон қилишлари мумкин. Уларга малакали мутахассислар томонидан ёрдам берилади, мурожаатлар муаллифи сир сақланиши кафолатланади, ― деди Т. Норбоева.

 

И.Аҳатова, ЎзА