Бразилиядаги қурғоқчилик ва Вьетнамда рўй берган “Яги” тўфонидан кейин қаҳва бозорида жиддий ўзгариш кузатилмоқда.
“Еuronews” телеканали ахборот беришича, дунё миқёсида қаҳванинг 40 фоизи етиштириладиган Бразилия учун бу йил ёғингарчилик кам бўлган, об-ҳаво ўта қуруқ келган. Кофе етиштириш бўйича иккинчи йирик давлат ҳисобланган Вьетнамда эса “Яги” тўфони туфайли келиб чиққан даҳшатли сув тошқини маҳсулот етказиб бериш глобал занжирига кексин қимирлатди. Ишлаб чиқариш харажати истеъмолчи чўнтагига таъсир қиладиган даражада ошди.
Натижада аҳоли жон бошига истеъмол бўйича етакчи – Европа қитъасида нарх қимматлашди.
Германиянинг “Statista” компанияси ҳисоботида европаликлар йилига 3,2 миллион тонна қаҳва ичиши, бу ер юзидаги жами истеъмолнинг 33 фоизи экани келтирилган.
Фавқулодда об-ҳаво шароитидан, айниқса, арабика нави ўсадиган ҳудудлар жиддий зиён кўрди. Масалан, Бразилиянинг энг йирик қаҳва ишлаб чиқарувчи штати ва юқори сифатли арабика дони етиштириладиган Минас-Жераисда бир неча ойдан бери ёмғир ёғмаяпти.
Бразилия арабика бозорида ҳукмронлик қилаётган бўлса, Вьетнам эрийдиган қаҳва тайёрлаш учун ишлатиладиган арзонроқ Робуста донини кўп етиштиради. Афсуски, ой бошида мамлакатнинг марказий тоғли қисмикдаги қаҳва етиштирувчи асосий ҳудудларга Яги тўфони ёпирилди.
Дастлабки ҳисоб-китобга кўра, минглаб гектар кофе плантацияси сув остида қолган. Бу нафақат ҳозирги ҳосилга, балки келгуси ишлаб чиқариш салоҳиятига ҳам салмоқли зарар етказди. Зеро, экин майдонлари тикланиши учун йиллар керак бўлади. Қисқаси, ҳозир қаҳва нархи анча қимматлашган.
Халқаро қаҳва ташкилоти (ICO) Экспортчи ва импортчи мамлакатларни бирлаштирган ҳукуматлараро тузилма – Халқаро қаҳва ташкилоти (ICO) баёнот беришича, 2024 йил учинчи чорагида нарх қарийб 20 фоиз ошиб, сўнгги ўн йилликдаги энг юқори даражага кўтарилди.
Маълумотга кўра, халқаро биржада арабика кофеси фьючерс нархи сезиларли даражада ўсган. Робуста нави нархида ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатиляпти. Маҳсулот нархи 25 фоиз ўсиб, бир тоннаси 2000 долларга чиқди.
“Rabobank” қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича таҳлилчиси Карлос Мера “Bloomberg” агентлигига маълум қилишича, инқироз портларда тирбандлик юзага келтириб, юк ташувчи контейнерлар глобал тақчиллигига сабаб бўляпти. Ташвишли жиҳати шундаки, айни логистика муаммолари тобора кучаймоқда. Натижада маҳсулот ташиш бутун дунё бўйлаб қийинлашяпти.
Нарх ошиши таъсири, айниқса, Европада кучли сезилади, дейишмоқда мутахассислар. Масалан, кўҳна қитъанинг энг йирик бозори ҳисобланган Германияда 2022 йилдан бери майдаланган қаҳва ва кофе донаси чакана нархи ўртача 10 фоиз кўтарилган.
Брюсселда Европа қаҳва федерацияси (ECF) томонидан ўтказилган тадқиқот кўрсатдики, қитъадаги қаҳвахоналарнинг 65 фоизи 2023 йил бошидан буён нархни 5-15 фоиз оширган.
Тадқиқотчилар таъкидлашича, қимматлашишга нафақат қаҳва дони қиймати, балки бошқа қатор омиллар ҳам сабаб бўлган. Яъни, инфляция сут, шакар ва бир марта ишлатиладиган идиш каби бошқа зарур маҳсулотлар нархига ҳам таъсир этяпти.
Хуллас, дунёнинг икки йирик қаҳва ишлаб чиқарувчиси инқироздан қутулишга астойдил ҳаракат қилаётган бўлса-да, глобал бозор истиқболи ҳозирча мавҳумлигича қолмоқда. Иқлим ўзгариши турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари қатори қаҳва етиштириладиган экин майдонини ҳам тобора қисқартирмоқда. Экстремал об-ҳаво ҳодисалари эса йилдан-йилга кўпаймоқда.
Интернет материаллари асосида
Саидмурод Раҳимов тайёрлади.
ЎзА