Халқаро шахмат федерацияси 20 ноябрь-15 декабрь кунлари Сингапурда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати баҳси учун томошабинларга мўлжалланган чипталар сотувга чиқарилганини эълон қилди. Эслатиб ўтамиз, матч амалдаги жаҳон чемпиони хитойлик Дин Лижен ва номзодлар турнирида ғалаба қозониб даъвогар мақомига кўтарилган ҳиндистонлик 18 ёшли Доммаражу Гукеш ўртасида кечади.
Айтиш жоиз, классик шахмат бўйича жаҳон чемпионати дунёдаги энг муҳим ва машҳур турнирлардан бири. Лижен 2023 йил апрель ойида Қозоғистоннинг Остона шаҳрида Ян Непомняшийни тай-брейкда мағлуб этиб, чемпионликни қўлга киритган. Гукеш эса 2024 йил апрелда Канаданинг Торонто шаҳри мезбонлик қилган даъвогарлар мусобақасида энг юқори натижа кўрсатган.
Жаҳон чемпионлиги учун кураш 14 ўйиндан иборат. Рақиблардан бири 7,5 очко тўпласа, ўйин тўхтатилади. 14-турдан кейин ҳисоб тенг бўлса, ғолиб тай-брейк орқали аниқланади.
Т. Рўзиев, ЎзА