Мамлакатимиз мезбонлигида ўтаётган футзал бўйича жаҳон чемпионатида Бразилия ва Аргентина терма жамоалари ярим финал босқичидан муваффақиятли ўтди.
Пойтахтимиздаги “Ҳумо арена“ спорт мажмуасида ташкил этилган ярим финал баҳсларида Аргентина 3:2 ҳисобида Францияни мағлубиятга учратган бўлса, Бразилия ҳам ушбу ҳисобда Украинани доғда қолдирди. Шу тариқа, Бразилия ва Аргентина терма жамоалари жаҳон чемпионати ғолиблиги учун ўзаро куч синашадиган бўлди. Ярим финал беллашувларда мағлуб бўлган Украина ва Франция термалари эса 3-ўрин учун ўтадиган баҳсда тўқнаш келади.
Мазкур ўйинлар “Ҳумо арена»да 6 октябрь куни бўлиб ўтади. Аниқроқ айтадиган бўлсак, шу куни учинчи ўрин учун ташкил этиладиган учрашув маҳаллий вақт билан 17:30 да старт олса, финал баҳси соат 20:00 да бошланади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА