Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBА) ўзининг сентябрь ойи учун янгиланган рейтингини эълон қилди. Унда мамлакатимизнинг 8 нафар боксчиси ўрин олди.

WBA  рейтингида минимал вазнда фаолияти кўрсатаётган Ҳасанбой Дўсматов, биринчи ярим енгил вазнда Муроджон Аҳмадалиев ва ярим ўрта вазн тоифасида рингга кўтариладиган Шаҳрам Ғиёсов биринчи поғонани эгаллади. Ушбу уч нафар боксчимиз ўтган ойда ҳам мазкур рейтингда карвонбошилик қилган эди.

Шунингдек, Исроил Мадримов супер ярим ўрта вазн тоифасида учинчи поғонани эгаллаган бўлса, Отабек Холматов ярим енгил вазн тоифасида бир поғона кўтарилган ҳолда тўртинчи ўринга жойлашди. Бектемир Мелиқўзиев эса супер ўрта вазнда 5-ўрин соҳиби сифатида қайд этилди. Биринчи ярим енгил вазн тоифасидаги баҳсларда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қиладиган Муҳаммад Шехов ўтган ойдаги каби 10-ўринда қолди.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА