Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Россия ва Украина ўртасида тинчлик ўрнатишга ҳаракат қилди. Бинобарин, Украина ҳинд снарядларидан фойдаланаётгани тўғрисидаги хабарлар бу уринишни мураккаблаштириши мумкин.
Июль ойи бошида Москвага ташриф буюрган Моди Россияни Нью-Деҳлининг “ишончли иттифоқчиси” ва “ҳар қандай шароитдаги дўсти” сифатида таърифлаб, икки халқ ўртасидаги ўнлаб йиллар давомидаги стратегик ҳамкорликни назарда тутган эди.
Орадан уч ойча вақт ўтиб, бу муносабат жиддий синовдан ўтишига тўғри келмоқда. Айниқса Киев Ҳиндистон ўқ-дорисидан Россия билан урушда фойдаланаётгани ҳақидаги гаплар авжига чиққан бир пайт.
“Reuters” ахборот агентлиги томонидан олиб борилган текширув шуни кўрсатадики, Италия ва Чехия сотиб олган ҳинд снарядлари Украинага йўналтирилган. Мазкур ҳисобот сўнгги кунларда, ҳинд ўқ-дориси Украина кучлари томонидан Россияга қарши зарба бериш учун ишлатилгани акс этган суратлар пайдо бўлгандан сўнг ошкор қилинди.
Маълумки, Ҳиндистон Бош вазири август ойида Киевда Владимир Зеленский билан музокара ўтказди. Бу икки сиёсатчи сентябрда БМТ тадбирлари доирасида Нью Йоркда ҳам кўришди. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги бирор қоида бузилганини инкор этди, аммо Украина қурол-яроғида ҳинд снаряди бор-йўқлигига изоҳ бермади. Россия расмийлари Ҳиндистоннинг жавобига ишонмади ва Нью-Деҳли ўз ўқ-дориси Украинадаги урушга етиб бормаслигига ишонч ҳосил қилиш учун харидорларга босим ўтказган-ўтказмаганини сўради.
– Украина томонидан Ҳиндистон артиллерия снаряди қўллангани ҳақида кўплаб далиллар мавжуд, – деди россиялик амалдор “Al-Jazeera”га. – Ҳатто, буни исботлайдиган фото суратлар ҳам бор. У сотувчини сотилган қуролнинг якуний фойдаланувчисини кузатиш учун текширув ўтказишга чақирди.
“Al-Jazeera” июнь ойида Ҳиндистон компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган ракета ва портловчи моддалар Ғазога қарши уруш давом этаётган ва 41 мингдан зиёд одам ҳалок бўлган бир пайтда Исроилга қандай жўнатилаётганини ошкор қилган эди.
Анъанавий равишда етакчи қурол етказиб берувчи ҳисобланган Ҳиндистон 2018-2023 йиллари 3 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилган. Моди даврида мамлакат ўз мудофаа саноатини кучайтиришга ҳаракат қилди. Украина уруши Ҳиндистон мудофаа саноати ривожланишига жиддий туртки берди. Уч компаниянинг Италия ва Чехияга йиллик экспорти қиймати 2022-2024 йиллар оралиғида 2,8 миллион доллардан 135 миллион долларгача ортди.
Маълумотларга кўра, айни пайт Россияга экспорт қилинадиган ҳинд электроникаси ҳарбий мақсадда қўлланади. Баъзи таҳлилчилар айтишича, ҳақиқатан шундай бўлса, Ҳиндистон очиқ-ойдин тенг имконият яратувчи сифатида ҳар икки томонни таъминламоқда.
Вазиятнинг Россия билан алоқаларга таъсири
Экспертлар фикрича, Украина ҳинд ўқ-дорисидан фойдаланиши Нью-Деҳлининг Москва билан “совуқ уруш” давридаги яқин ҳамкорлиги натижасида шаклланган кўп йиллик ва мустаҳкам муносабатини сезиларли даражада мураккаблаштирмайди. Сўнгги йигирма йил ичида бу икки давлат олди-бердиси янада кучайган. Ҳисоб-китобга кўра, Россияга қарши урушда ишлатилаётган ҳинд снаряди Украинанинг ўқ-дорига нисбатан эҳтиёжида атиги 1 фоизни ташкил қиларкан.
Август ойида Киевдан қайтган Нарендра Моди Жо Байденга телефон қилиб, нима ҳақда гаплашгани тўғрисида маълумот берди. Путинга эса қўнғироқ қилмади ва кейинроқ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Ажит Довални Москвага юборди. Кремль Довал Путинни Модининг Киевга ташрифи фойдали бўлганига ишонтиришга уринаётгани акс этган суратларни тарқатиб юборди. Бу Ҳиндистон ва Россия ўртасидаги муносабатда ноқулайлик юзага келганидан далолат.
Айни пайт Конгрессдаги мухолиф партия раҳбарлари Модини АҚШ босими остида Москва билан тарихий яхши муносабатни бузаётганликда айблаяпти.
– Бош вазир Нью-Деҳлининг эски дўсти Россия билан алоқаси узилишини истаган АҚШ босими остида Киевга ўқ ўтказмайдиган поездда боришга мажбур бўлди, – деган Конгресс раҳбари Рашид Алви “Al-Jazeera” телеканалига. – Агар Ҳиндистон қуроли Украинага бориб етаётган бўлса, бу ҳам АҚШнинг ҳийла-найранги билан боғлиқ.
Нью-Йорк профессорлари фикрича, Италия ва Чехияга жўнатилган ўқ-дори биринчи навбатда Зеленский қўшинларига юборилиши ишлаб чиқариш муддати яна чўзилиши ва ҳар қандай ҳолатда Украина қурол билан таъминланиши йўлидаги ҳаракатни ифодалайди. Бу вазият худди 2011-2012 йиллари Ливияда қўлланган НАТО бомбаси ва қурол-яроғи тугаб қолгани билан боғлиқ воқеаларга ўхшайди.
Дарвоқе, февраль ойида ГФР нашрлари Берлин Украина учун ўқ-дори сотиб олиш бўйича Ҳиндистон билан музокара олиб бораётгани ҳақида хабар тарқатган, Германиянинг Нью-Деҳлидаги элчихонаси эса мавзуга изоҳ беришдан бош тортганди.
Ҳиндистон Нарендра Модининг Зеленский ва Путин билан учрашувини кетма-кет ташкил этишга ҳаракат қилди. Бош вазир октябрь ойида БРИКС саммити қатнашиш учун яна, уч ой ичида иккинчи марта Россияга боради.
Сардор Поёнов,
ЎзА