Унда Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, вазирлик ва идоралар, компания ва уюшмалар раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этди.
Таъкидланганидек, жорий йил инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари дастурлари доирасида барча манбалар ҳисобидан 2 минг 612 лойиҳа амалга оширилиб, 6 миллиард 850 миллион доллардан зиёд маблағ ўзлаштириш белгиланган. Шундан 4,9 миллиард доллари хорижий инвестициялар бўлиб, унинг 2,3 миллиард долларини халқаро молия институтлари кредитлари ва 2,6 миллиард долларини тўғридан-тўғри инвестициялар ташкил этади.
Йиғилишда ушбу маблағларни ўзлаштириш ва лойиҳаларни амалга ошириш ҳолати сустлиги танқид қилинди. Масалан, жорий йилда халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар иштирокидаги 82 лойиҳа доирасида 2 миллиард 283 миллион доллар ўзлаштириш белгиланган. Лекин биринчи ярим йилликда бу маблағнинг атиги 26 фоизи ўзлаштирилган, холос.
Бунинг асосий сабабларидан бири маблағларнинг 70 фоизгача бўлган қисмини ўзлаштиришни йил охирига белгилаш амалиётидир. Хорижий инвесторлар бундай ҳолатлар бўйича асосли эътирозлар билдирмоқда. Пухта ишланган ва ҳужжатлари тайёр лойиҳалар учун эмас, балки “олдин маблағ олайлик, кейин бир гап бўлар” қабилида иш тутиш ҳам шундай салбий ҳолатларга сабаб бўлмоқда. Таъкидлаш керакки, маблағларни ўзлаштириш қанчалик суст бўлса, келажакдаги лойиҳалар ижроси учун инвестиция жалб қилиш ҳам шунчалик мушкул бўлади.
Шуни инобатга олган ҳолда, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли комплекслари раҳбарлари инвестицияларни ўзлаштириш ҳолатини чуқур ўрганиб, муаммоларни, жумладан, лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, тендер ўтказиш, лойиҳа ва шартномаларни экспертиза қилишдаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш чораларини кўриши керак.
Шавкат Мирзиёев Бош вазир ва унинг ўринбосарларига халқаро ва хорижий молия ташкилотлари маблағларининг асосий қисмини август-октябрь ойларида ўзлаштириш ва йил якунида прогноз кўрсаткичларини тўлиқ бажариш бўйича янги тармоқ жадвалларини тасдиқлаш вазифасини топширди.
Инвестиция лойиҳалари ижроси билан боғлиқ жараёнлар мураккаблаштириб юборилгани, ортиқча бюрократик тўсиқлар пайдо бўлиб, масъул идоралар фаолияти лозим даражада тартибга солинмагани каби муаммоларни бартараф этиш, инвестиция лойиҳалари самарадорлигини ошириш ва маблағларни ўз вақтида ўзлаштиришни таъминлаш зарур. Шу мақсадда яқинда халқаро ва хорижий молия ташкилотлари маблағларини жалб этиш ва назоратини юритиш, лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш ва экспертизадан ўтказиш бўйича Президент қарори қабул қилинди. Эндиликда халқаро ва хорижий молия ташкилотлари маблағлари иштирокидаги лойиҳалар мутлақо янги тизим асосида амалга оширилади. Яъни, халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқиш тартиби белгиланди, экспертиза учун 60 эмас, 14 кун талаб этилади, тендер ҳужжатлари ва тендер асосида тузилган шартномалар эса умуман экспертизадан ўтмайди, кворум ва талабгорлар сони бўйича талаблар бекор қилинди.
Давлатимиз раҳбари халқаро молия ташкилотлари иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини сифатли амалга ошириш учун “Лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳлари” фаолиятини самарали ташкил қилиш муҳим эканини таъкидлади. Гуруҳлар фаолияти самарали ташкил этилмаган, айрим вазирлик ва идоралар тизимида бир неча лойиҳа гуруҳлари мавжуд. Бу гуруҳлар донор ташкилотлар билан ҳамкорликда ишламайди, аксарият ходимларининг малакаси паст. Оқибатда кўплаб инвестиция лойиҳалари 5-6 йиллаб ишга туширилмасдан, муаммоли масалага айланиб қолмоқда.
Шу боис жорий йил 21 июнь куни қабул қилинган Президент қарорига биноан халқаро ва хорижий молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳаларни мувофиқлаштириш ва назорат қилиш ваколати тўлиқ Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси зиммасига юкланди. Йиғилишда қўмита раҳбарига “Лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳлари” таркибини қайта кўриб чиқиш, уларни лойиҳалар кесимида эмас, тармоқлар йўналишида ихтисослаштириш асосида қайтадан ташкил қилиш, махсус ўқув курслари ташкил этган ҳолда раҳбар ва мутахассислар малакасини ошириш, халқаро ва хорижий молия ташкилотлари иштирокидаги барча лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асослари, тендер ҳужжатлари, импорт шартномаларини янги тартиб бўйича жадал экспертиза қилиш ёки рўйхатга олиш топширилди.
Йиғилишда тармоқ ва ҳудудлардаги лойиҳалар мониторинги уларнинг ижроси қониқарсиз эканини кўрсатиши таъкидланди. Шу сабабли ўтган ҳафта инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш бўйича Президент қарори қабул қилиниб, унда 2018-2019 йилларда умумий қиймати 30 миллиард долларлик, жумладан, 26 миллиард долларлик тўғридан-тўғри инвестициялар иштирокидаги 580 лойиҳани амалга ошириш белгиланди. Бу лойиҳаларнинг 148 таси хўжалик бирлашмалари ва 432 таси ҳудудий корхоналар томонидан амалга оширилади. Шундан жорий йилда 456 та лойиҳа доирасида 2,6 миллиард долларлик тўғридан-тўғри инвестицияларни ўзлаштириш талаб этилади.
Шу муносабат билан Бош вазир ўринбосарларига 2018-2019 йилларда хўжалик бирлашмалари 3,9 миллиард долларлик ва ҳудудий корхоналар 3 миллиард долларлик тўғридан-тўғри инвестицияларни тўлиқ ўзлаштиришини назарда тутган ҳолда, мазкур лойиҳаларни ўз муддатида ва сифатли амалга ошириш бўйича тармоқ жадвалларини ишлаб чиқиш топширилди. Айни пайтда хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари раҳбарлари 69 тармоқ ва 189 ҳудудий истиқболли инвестиция лойиҳаси бўйича инвесторлар топиш, техник-иқтисодий асосларни ишлаб чиқиш ва лойиҳа ижросини жадаллаштиришга қаратилган “Йўл хариталари»ни ишлаб чиқиши керак. Вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий ҳокимликлар инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишга эътиборни кучайтириши зарур.
Йиғилишда инвестиция лойиҳалари бўйича ҳужжатлар ишлаб чиқиш ва келишиш жараёнларини тезлаштириш мақсадида Президент қарори билан қатор қулайлик ва енгилликлар яратилгани таъкидланди. Жумладан, дастлабки техник-иқтисодий асослар ёки ҳисоб-китобларни мажбурий ишлаб чиқиш бўйича талаблар, шунингдек, қурилишларнинг манзилли рўйхатини Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан келишиш бекор қилинди. Халқаро ва хорижий молия ташкилотлари иштирок этаётган, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар улуши 70 фоиздан юқори бўлган, маҳсулотни тақсимлаш битимларига мувофиқ амалга оширилаётган лойиҳалар ҳам мазкур агентлик экспертизасидан ўтказилмайди. Тендер савдолари якунида тузилган импорт шартномалари Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигида фақат тендер ҳужжатларига ва миллий қонунчиликка мослиги, матннинг тўғри таржима қилингани бўйича экспертизадан ўтказилади. Шунингдек, мазкур қарорга биноан умумий қиймати 27 миллиард доллар бўлган 37 йирик муҳим инвестиция лойиҳаси бўйича қурилиш-монтаж ишларини лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан бир вақтда амалга оширишга, бир босқичли лойиҳалаштириш ва молиялаштиришни тезлаштиришга рухсат берилди. Тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари ана шу 37 лойиҳанинг ҳар бири бўйича махсус ишчи гуруҳи тузиб, бажарилаётган ишларни жадаллаштириш, объектларни сифатли ва муддатида қуриш, харид нархлари асоссиз ошириб юборилмаслигини таъминлаш, пудратчи ва етказиб берувчиларни аниқлаш бўйича зарур чоралар кўриши лозим.
Йиғилишда йилнинг ярмидан кўпи ўтган бўлса-да, ҳанузгача барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 2019 йилда амалга ошириладиган лойиҳалар рўйхати тайёр эмаслиги танқид қилинди. Ваҳоланки, жорий йил 1 апрелгача – тармоқлар ва ҳудудларни узоқ муддатга мўлжалланган ривожлантириш концепциялари, 15 июлгача – Лойиҳалар портфели, 10 октябргача – Давлат ривожланиш дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган, ҳозирги кунда эса келаси йил объектларининг лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш ишлари бошланган бўлиши керак эди.
Бу ҳолатни ўнглаш учун Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси тегишли вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва ҳокимликлар билан бирга барча манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳалар бўйича таклифлар асосида Инвестиция дастури лойиҳасини шакллантириши зарур.
Маълумки, маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларининг хизмат сафари билан хорижга чиқиб, ўз ҳудудига тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилиш юзасидан чет эллик ҳамкорлар билан музокара ўтказиши учун кенг шароит яратилди. Таъкидлаш керакки, бундай амалиёт илгари бўлмаган. Ҳокимлар, уларнинг ўринбосарлари, ҳудудий корхона ва ташкилотлар раҳбарлари хоҳлаган давлатига бориб, ҳамкорлар билан бемалол мулоқотга киришаяпти. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида ҳокимликларнинг 33 делегацияси хорижий хизмат сафарига борди. Натижада умумий қиймати 5 миллиард 290 миллион доллар бўлган 195 лойиҳа бўйича келишувларга эришилди. Ҳозирги кунда 1 миллиард 500 миллион долларлик 75 лойиҳанинг ижроси бошланган.
Лекин ҳокимлик вакилларининг хизмат сафарлари асосан Хитой, Россия, Туркия, Жанубий Корея ва айрим МДҲ мамлакатлари билан чекланиб қолмоқда. АҚШ, Япония ва Европа давлатларидаги дипломатик ваколатхоналаримиз раҳбарлари юртимиздаги ўзларига бириктирилган ҳудудларга инвестиция жалб қилишда фаоллик кўрсатмаяпти.
Ўз навбатида, ҳокимликлар элчихоналар билан ҳамкорликни йўлга қўймаган. Бу эса хорижий хизмат сафарларида эришилган келишувларнинг кўпчилиги фақат қоғозда қолиб кетишига сабаб бўлаяпти. Масалан, Фарғона вилояти ҳокимлиги делегацияси 1-4 февраль кунлари Латвияга хизмат сафари давомида 6 та меморандум имзолаган, лекин бугунгача уларнинг бирортаси бўйича аниқ натижага эришилмаган.
Яна бир эътибор қаратиш зарур бўлган жиҳат шуки, ҳокимликлар эришган келишувлар асосан хомашёни бирламчи қайта ишлаш, тўқимачилик ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳаларига йўналтирилган. Юқори технологияли ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш билан боғлиқ лойиҳалар деярли мавжуд эмас.
Бу борадаги ишларни танқидий ўрганган Ишчи гуруҳ ҳокимликлар делегацияларини чет элга юбориш олдидан тайёргарлик ишлари талаб даражасида ташкил этилмаётгани, аксарият ҳолатларда делегация аъзоларининг аниқ иш режаси мавжуд эмаслиги, тегишли вилоятнинг иқтисодий салоҳияти ва амалга ошириш мумкин бўлган лойиҳалар тўғрисида зарур ва етарли маълумот берадиган материаллар, ролик ва буклетлар тайёрланмаганини аниқлади. Ўрганиш ўтказилган Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятлари делегациялари таркибига киритилган 40 тадбиркордан атиги 12 таси аниқ келишувга эришган, холос.
Хизмат сафари давомида шартномаларнинг қуруқ сони орқасидан қувиш ҳолатлари кузатилаётгани ҳам танқид қилинди. Имзоланган меморандум, келишув битимлари, инвестиция ва экспорт шартномалари аниқ натижадорликка қаратилмасдан, мавҳум – маданий-гуманитар характерга эга бўлиб қолмоқда.
Айрим раҳбарларнинг ишга масъулиятсиз ёндашиши туфайли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан “Йўл хариталари” ва тармоқ жадваллари ишлаб чиқилмаган, ижро бўйича қатъий мониторинг тизими йўқ. Лойиҳалар фақат ташаббускорлар – хусусий тадбиркорларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида қийинчилик билан, маҳаллий ҳокимликларнинг зарур ёрдамисиз амалга оширилмоқда.
Ишчи гуруҳ барча ҳудудларда мазкур масалаларни ўрганиб чиқиш бўйича режа-график тайёрлаб, шу асосда жойлардаги вазиятни кўриб чиқиши, мавжуд муаммолар ва уларнинг сабабларини аниқлаши, таҳлил қилиши, бартараф этиш чораларини кўриши ва ишларни фаоллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиши керак. Бундан ташқари, бириктирилган дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари билан биргаликда ҳудудларга тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш учун қўшимча лойиҳаларни шакллантириш, экспортни кўпайтириш, инвестиция лойиҳалари бўйича тармоқ жадвалларини тасдиқлаш ва жадал амалга ошириш, янги қувватларни ўз вақтида ишга тушириш юзасидан зарур чоралар белгилаши лозим.
Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Ташқи ишлар вазирлигига ҳокимликлар делегацияларининг хорижий хизмат сафарларида эришилган келишувлар ижроси юзасидан таъсирчан назорат ва мувофиқлаштириш тизимини жорий этиш вазифаси топширилди.
Йиғилишда Вазирлар Маҳкамаси комплекслари раҳбарлари, мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги элчилари ва ҳокимларнинг ҳисоботлари тингланди. Хорижий инвестицияларни ўзлаштириш ва лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.