Бир кунда 60 грамм вазн йиғадиган қуён ҳақида эшитганмисиз?

Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманидаги “Ҳусайн Абдулло” фермер хўжалигида 1 минг 500 бош наслли хикол қуёни парвариш қилинмоқда.
– Қуёнчиликнинг сердаромад соҳа эканини тушунганимдан кейин фермер хўжалиги ташкил қилдим, – дейди хўжалик раҳбари Исоқжон Ҳусайнов. – Банкдан олинган 550 миллион сўм кредит эвазига 2017 йил декабрь ойида Навоий вилоятидан 200 бош наслли қуён олиб келдик. Ярим йил ичида улар қарийб ўн баробар кўпайди. Битта қуён 1 йилда камида 40 бошгача кўпаяди. 10 килограмм вазн босадиган қуённи 500-600 минг сўмга сотиш мумкин, агар қорнида боласи бўлса, 1 миллион сўмга ҳам харидори бор. Бу қуёнларнинг оғирлиги 15 килограммгача етади. Хикол қуёнлари бир йилда 8 марта 10 тагача болалайди. Уларнинг бештаси яшаб қоладиган бўлса ҳам битта қуён йилига 40 бошга кўпаяди.
dbdaca84-003f-42fb-a8f7-46a5177c9f4b.jpg
Хикол қуёнлари гибрид наслли жонзот бўлиб, Калифорния ва Янги Зеландия қуёнлари урчитилишидан ҳосил бўлган. Ушбу насл ўтган асрнинг охирларида Францияда жорий этилиб, қисқа вақт ичида бутун дунёга кенг тарқалган.
dd16e359-d701-48cd-85e7-13c56439dab7.jpg
Бундай қуёнлар асосан гўшти учун бройлер сифатида парвариш қилинади. Тўғри озиқлантириш натижасида улар кунига 45-60 грамм вазн йиғади. 3-4 ойда қуёнчалар 4,5-5 килограмм тош босади. Элликқалъа туманининг чекка қишлоғида парваришланаётган қуёнларга ҳатто Хитойдан харидорлар чиқаётир.
Айни пайтда маҳаллий шароитда ушбу қуён гўштидан парҳез таомлар учун фойдаланилмоқда. Гўшти қатор мактабгача таълим муассасаларига етказиб берилмоқда.

 

Есимхон Қаноатов, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат) ЎзА