Мальдив оролларида волейбол бўйича аёллардан иборат клублар ўртасида “CAVA Women’s Club Volleyball Championship” мусобақаси якунига етди. Унда мамлакатимиз шарафини Тошкентнинг «Ҳумо» жамоаси муносиб ҳимоя қилди.
Мазкур мусобақанинг бронза медали учун ўтган ўйинда Мальдивнинг «WАМCО» ҳамда Шри-Ланканинг «Air Force» клублари ўзаро рақобатлашди. Ушбу жамоалар учрашувида мезбонлар 3:2 ҳисобида зафар қучиб, бронза медалини қўлга киритди.
“CAVA Women’s Club Volleyball Championship”нинг сўнгги ҳал қилувчи финал ўйинида «Nepal Police» ва Тошкентнинг «Ҳумо» жамоалари олтин медаль учун куч синашди. Афсуски, шиддатли беллашувлар остида ўтган баҳсда волейболчи қизларимизга омад етишмади. Шу тариқа, «Nepal Police» мусобақа ғолибига айланган бўлса, “Ҳумо” кумуш медали билан тақдирланди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА