Покистоннинг “Dailiy Times” онлайн нашрида Ўзбекистоннинг ушбу давлат билан муносабатларига оид мақола чоп этилди.

Муаллиф Фурқан Рао ёзишича, Марказий Осиё давлатлари минтақа ва жаҳон миқёсида кўплаб имкониятлар таклиф этмоқда. Ҳудуд нефть, газ, пахта, кўмир, уран, олтин, мис каби ресурсларга бой. Марказий Осиёни имкониятлар мамлакати деб ҳисоблашга асос етарли, чунки Жанубий Осиё денгизга чиқиш имкони бўлмаган юртлар учун муҳим дарвоза вазифасини ўтайди. Айниқас минтақа марказида жойлашган Покистон стратегик ўрни жиҳатидан жуда муҳим.

Қайд этилишича, Покистон ва Ўзбекистоннинг бой илмий, маданий тарихи бор. Ибн Сино, Ал-Хоразмий, Бобур, Муҳаммад Иқбол каби олим, уламолар ушбу умумий меросни яратганлар. Икки давлат бир хил дин, ислом маданияти марказларига эга. Айни омил халқларимиз дўстлигини янада мустаҳкамлаш учун заминдир.

Мамлакатларимиз иқтисодий ўсиш ва ривожланиш йўлида ҳам уйғун одимламоқда. 2023 йил умумий савдо ҳажми 387,1 миллион долларга етди. Бу кўрсаткични ошириш мақсадида қатор ҳужжатлар имзоланган.

– 2022 йил “Сарҳад” Савдо-саноат палатаси Сурхондарё вилояти Термиз шаҳри билан узоқ муддатли шериклик ўрнатган, – дейилади мақолада. –  2024 йил июнь ойида икки давлат бизнес алоқаларини кенгайтириш мақсадида Савдо вазирлиги ва Савдони ривожлантириш бошқармаси билан ҳамкорликда Тошкентда Покистон – Ўзбекистон логистика форуми ташкил этилди. Тузилма дастурида янги имкониятларни ўрганиш, тўғридан-тўғри парвозларни кўпайтириш учун қўшма савдо палатаси ташкил этиш тўғрисидаги қарор ҳам кўзда тутилган. Шу пайтгачса Покистоннинг 14 компанияси ва Ўзбекистоннинг 50 дан ортиқ корхонаси ўртасида учрашувлар бўлиб ўтди.

Нашр Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф ШҲТнинг 2022 йил Самарқанддаги ва 2024 йил Остонадаги саммитлари доирасида чуқур ва конструктив музокаралар олиб боргани, ушбу учрашувлар икки давлат раҳбарлари учун ўзаро манфаатларни илгари суриш, мамлакатлар ўртасидаги яқин алоқаларни мустаҳкамлаш ва турли жабҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш учун муҳим платформа бўлгани алоҳида таъкидланган.

Мақола якунида ҳудудлар аро тўғридан-тўғри ҳаво қатнови, маданий алмашинув дастурлари, хусусан талабалар алмашинуви йўлга қўйилиши мавжуд муносабатлар кўламини сезиларли даражада кенгайтираётгани таъкидланган. Шунингдек, туризмни ривожлантириш, темир йўл соҳасида шерикликни давом эттириш масалаларига урғу берилган.

Ўткир Алимов, ЎзА