Бугун, 18 сентябрь куни Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида 45-Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасининг 7-тур баҳслари бўлиб ўтади.

Унда шахмат олимпиадасининг амалдаги ғолиби Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси украиналик шахматчилар билан куч синашади.

Айтиш лозим, маҳоратли гроссмейстерларимиз 6-турда Исроил шахматчиларидан 2,5:1,5 ҳисобида устун келганди. Украина эса ушбу турда Черногория шахматчиларини 2,5:1,5 ҳисобида мағлуб этганди.

Шахматчи қизларимиз бугун Греция терма жамоаси билан рўбарў келади. Бундан икки кун муқаддам ўтказилган 6-турда Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Нидерландия билан 2:2 ҳисобида дурангга эришганди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳам, Греция ҳам бугунги учрашув олдидан 9 очко жамғарган. Вакилларимиз қўшимча кўрсаткичларга кўра, 16-ўринда, Греция эса 17-поғонада бормоқда.

Т.Рўзиев, ЎзА