Айни кунларда Урганчдаги «Ёшлик» спорт мажмуасида оғир атлетика бўйича ёшлар ва катталар ўртасидаги мамлакат кубоги беллашувлари бўлиб ўтмоқда. Унда республикамизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган 300 нафардан ортиқ спортчи ғолиблик учун баҳс олиб бормоқда.

Чемпионатда Олимпия ва Осиё ўйинларининг иштирокчилари, жаҳон ва қитъа чемпионлари қатори ўнлаб истеъдодли ёшлар иштирок этмоқда.

Куни кеча Токио Олимпиядаси ғолиби, “Париж-2024” Олимпиадаси совриндори, жаҳон ва қитъа чемпиони, жаҳон рекордчиси Акбар Жўраев кубок мусобақалари олдидан Урганчдаги бир қатор спорт мактаблари тарбияланувчилари билан учрашди. Мулоқот давомида ёш оғир атлетикачиларга “мастер-класс” машғулотларини  ўтди.

Қайд этиш жоиз, 17 сентябрга қадар давом этадиган Ўзбекистон кубоги доирасида “Ў17” ёш тоифасида Ўзбекистон очиқ чемпионати ҳам ташкил этилади. Унда 5 та йигитлар ҳамда 5 та қизлар ўртасидаги вазн тоифаларида ғолиб ва совриндорлар аниқланади.

Мазкур турнирда ҳамюртларимиздан ташқари, қўшни мамлакатлардан ҳам 150 нафарга яқин оғир атлетикачи қатнашиши кутилмоқда.

Т. Рўзиев,

ЎзА