–
Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг 79-сессияси иш бошлайди
Бугун Ғарбий ярим шарда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 79-йиллик сессия, тинчлик ва глобал хавфсизлик масаласини муҳокама қилиш учун биринчи “Келажак саммити”, шунингдек юқори даражадаги анъанавий ҳафталикка йиғилади.
Анжуманнинг асосий воқеаси – анъанавий юқори даражадаги ҳафталикда, одатдагидек, давлат раҳбарлари ва вазирлар йиғилиб, долзарб масалалар юзасидан сўз юритади. Йиллик дебат 24-28 сентябрь ва 30 сентябрь кунларига белгиланган.
Бу йил “Келажак саммити” ҳам бўлиб ўтади. Якунда “Келажак учун пакт”, Глобал рақамли келишув ва “Келажак авлодлар декларацияси” тасдиқланиши кутиляпти.
Вьетнамда автомобиллар ўтадиган кўприк қулади
Вьетнам шимолидаги Футхо музофотида кўприк қулаб тушиб, 10 дан зиёд одам сувда йўқолган. Бу ҳақда “VnExpress” янгиликлар портали ёзди.
Маълумотга кўра, бахтсиз ҳодиса пайти Қизил дарё устидаги қурилмадан ўтаётган бир нечта автомобиль ва мотоцикл сувга ғарқ бўлган.
– Транспорт воситаларида қанча одам бўлгани ҳали аниқланмади, – дейилган ахборотда. – Ҳозирча 13 кишининг тақдири номаълумлиги тахмин қилиняпти.
Фавқулодда воқеа жойида қидирув-қутқарув амалиёти олиб бораётган ҳарбийлар айтишича, кузатув камералари ва видео маълумот тўпловчи мосламалар тасвири таҳлил қилинган. Хуллас, кўприкнинг ярми билан бирга камида 10 та енгил ва юк ташийдиган машина ҳамда икки мотоцикл дарёга қулаган. Йўқолганлар кўпроқ бўлиши ҳам мумкин, чунки видео лавҳада машиналар қанча одам олиб кетаётгани кўринмаган.
Арманистон ЕИ билан визани либераллаштирмоқчи
Арманистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Мгер Григорян Европа комиссияси раиси ўринбосари Маргаритис Схинас билан ўтказилган учрашув якуни бўйича баёнот бериб, Европа Иттифоқи билан виза сиёсатини либераллаштириш бўйича мулоқот бошланганини расман эълон қилди.
6 сентябрь куни ЕК Схинас Ереванга боришини маълум қилганди. Сафардан кўзланган мақсад ЕИ мамлакатларига қисқа муддатга кираётган Арманистон фуқаролари учун дастлабки виза олиш заруратини бекор қилишга келишиш эди. Шу билан бирга ЕК Ереванга чегара, миграция, хавфсизлик ва саёҳат масалаларига оид асосий ҳуқуқ ва эркинликни ҳурмат қилиш йўлида ислоҳот ўтказиш зарурлигини эслатган.
Григоряннинг фикрича, Арманистон бу жараённи миграция ва чегарани бошқариш соҳаларини модернизация қилишга қаратилган стратегик кун тартиби сифатида кўради.
АҚШда 160 дан кўп одам вазн йўқотадиган доридан вафот этган
“Daily Mail” нашри олиб борган таҳлил натижаси АҚШда 2018 йилдан буён диабетга қарши ишлатиладиган “Оземпик” дориси ва бошқа препаратлардан вазн йўқотиш учун фойдаланилиши оқибатида 162 киши ҳаётдан кўз юмганини кўрсатмоқда.
Аниқлик киритилишича, бирор ўлим ҳолати тўғридан-тўғри инъекция таъсирида содир бўлгани ҳали исботланмаган. Экспертлар эса ўлим статистикаси салбий натижада бундай дорилар муҳим рол ўйнаган ҳолатлар мавжудлиги акс этганини таъкидламоқда. Умуман, 2023-2024йилларда вазн йўқотадиган дори воситасидан фойдаланиб вафот этганлар сони бир неча марта ошган. Масалан, айни кўрсаткич 2022 йил 18, 2023 йил 58, 2024 йилнинг биринчи ярмида эса 57 тани ташкил этган.
Аввалроқ, CNN телеканали Оземпик қабул қилган одамда ўз жонига қасд қилиш фикри 45 фоиз кўпроқ эканини маълум қилган эди. Семаглутид, деб ҳам аталадиган бу препарат дастлаб 2-тоифа диабетга чалинган бемор қонидаги шакар даражасини тартибга солишга ёрдам берадиган гормон экани аниқланган. Кейинчалик иштаҳани назорат қилиш учун мияга таъсир қила олиши манълум бўлгач, вазн йўқотиш мақсадида қўллана бошланди.
НАТО истеъфодаги учувчиларни Украина ҳарбийларини ўқитишга
жалб қилиши мумкин
НАТОга аъзо мамлакатларбир вақтлар Ф-16 қирувчи самолётларини бошқарган, ҳозир истеъфодаги ходимларини украиналик учувчиларни тайёрлашга жалб этиши мумкин. Бу маълумотни америкалик сенатор Линдси Грэм ошкор қилди.
Айни масала Владимир Зеленский ва АҚШ Конгресси делегациясининг 6 сентябрь куни Италияда бўлиб ўтган учрашувида муҳокама қилинган.
– Суҳбатимиз устуворлиги аслаҳадан самарали фойдаланиш имкониятини оширишга қаратилди, – деди Грем Рада телеканалида чиқиш қилиб. – Шунингдек, қуролга қўйилган чекловни бекор қилиш, жанговар учувчиларни тайёрлаш мақсадида НАТО давлатларидан истеъфодаги Ф-16 мутахассисларини жалб қилиш ҳақида ҳам гаплашдик. Бу украиналиклар қирувчи самолёт бошқарувини тезроқ ўзлаштиришига ёрдам берган бўларди.
Ҳиндистонда илк маймун чечаги ҳолати тасдиқланди
Ҳиндистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатда маймун чечаги билан касалланган биринчи инсон қайд этилгани ҳақида маълум қилди.
– Лаборатория текшируви беморда Ғарбий Африка маймун чечаги вируси борлигини тасдиқлади, – дейилган хабарда.
Аниқлик киритилишича, касалланган одам яқинда чечак тарқалган мамлакатга бориб келган. Ихтисослаштирилганизоляторга ётқизилган эркак беморнинг аҳволи клиник жиҳатдан барқарор, танасида тизимли касалликлар ёки бирга намоён бўладиган патология мавжуд эмас.
2024 йил бошидан 9 августгача Африкада маймун чечаги касаллиги билан боғлиқ 17,5 мингдан кўп ҳолат қайд этилган, беморларнинг 517 нафари вафот этган.
Мазкур хасталик Европада ҳозирча фақат Швецияда тасдиқланди, Осиёда эса Покистон, Филиппин ва Таиландда рўйхатга олинди.
Қўшма Штатлар ҳаво таҳдидига қарши мудофаа бўйича
йирик шартнома имзолади
Қўшма Штатлар Америка ҳудуди ва мамлакатдан ташқарида ҳаво таҳдидидан ҳимоя қилиш хизматини тақдим этиш учун бир неча компания билан 5,4 миллиард долларлик шартнома тузди.
– Мазкур ҳужжат ҳаво таҳдидига қарши тўлиқ шартнома асосида ҳаводан ёрдам кўрсатиш хизматини таклиф этади, – дейилган мамлакат мудофаа вазирлиги баёнотида.
2029 йил 13 октябргача якунланиши кўзда тутилган лойиҳа АҚШда ҳам, хорижда ҳам амалга оширилади. Тегишли буюртмалар Виржинияда жойлашган “Airborne Tactical Advantage”, Невададаги “Blue Air Training”, Пенсильванияда рўйхатдан ўтган “Coastal Defense” ва Шимолий Каролинанинг “Tactical Air Support” компанияларига берилган.
Эрон Россияга қурол етказиб бериши ҳақидаги хабарларни рад этмоқда
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Носир Қонуний Теҳрон Украинадаги махсус амалиётда фойдаланиш учун Россияга қурол етказиб бергани ҳақида Америка матбуотида чиққан ахборотларни рад этди. Бу ҳақда “Фарс” агентлиги ёзган.
Куни кеча Американинг CNN телеканали 6 сентябрь куни Эрон қисқа масофага мўлжалланган баллистик ракеталарни Россия Федерациясига топширгани ҳақида маълум қилди.
Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков айни мавзуга изоҳ бераркан, бундай маълумотлар ҳар доим ҳам ҳақиқатга тўғри келавермаслигини таъкидлаган.
Ислом Республикаси томони аввал таъкидлаганидек, Москва ва Теҳрон ўртасидаги ҳамкорликни Украинадаги можаро билан боғлашга ҳар қандай уриниш Ғарбнинг Киевга қурол етказиб беришда давом этишини оқлаш мақсадида амалга оширилмоқда.
Шольц Украина бўйича тинчлик режасини тайёрламоқда
“La Repubblica” газетаси ёзишича, Германия канцлери Олаф Шольц Украинада жанговар ҳаракатни тугатиш режасини тайёрламоқда. ГФР ҳукуматига яқин манба кузатувчиларга режа асосида Украинадан ҳудудий имтиёз берилиши мумкинлигини айтган.
Бир кун аввал Шольц ZDF телеканалига берган интервьюсида Украинадаги қуролли можарога барҳам беришни тезлаштириш бўйича музокара вақти келганини таъкидлаганди.
С.Раҳимов, ЎзА