Президентимиз Тошкент шаҳри бўйлаб ер усти халқа метро линияси қурилиши билан танишди.
Тошкент йирик мегаполис шаҳарга айланмоқда. Шунга монанд улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари аҳолининг талаб ва эҳтиёжи, пойтахтимизнинг келгуси ривожланишини инобатга олган ҳолда пойтахтимиз бўйлаб ер усти халқа метро линиясини қуриш бўйича топшириқ берган эди. Қисқа фурсат ичида улкан қурилиш ишлари бошлаб юборилди.
Умумий узунлиги 52,1 километрдан иборат мазкур метро йўналишининг 50,5 километри баландлиги 6 метрлик эстакадалар орқали ўтказилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 422,3 милион долларга тенг.
Лойиҳа доирасида 2 мингга яқин таянч устунлар ва оралиқ тўсинлар, 13 мингга яқин темир-бетон балкалар ўрнатиш ва 35 бекат ташкил этиш назарда тутилган.
Лойиҳа беш босқичда амалга оширилади. Дастлаб Тошкент метрополитенининг «Дўстлик» бекатидан Қўйлиқ бозоригача бўлган қисми қурилади. 11 километрлик масофада 8 бекат бунёд этиш мўлжалланган.
Иккинчи босқичда Қўйлиқ бозори билан «Олмазор» бекати боғланади. Сўнгра бу ердан «Беруний» бекатигача бўлган масофада қатновлар йўлга қўйилади. Кейинги босқичда «Беруний»дан «Бодомзор» бекатигача қурилиш ишлари олиб борилиб, сўнгги босқичда «Дўстлик» бекатига уланади.
Президентимиз шу йилнинг июнь ойида ушбу қурилиш жараёни билан танишиб, бунёдкорлик ишларини янада жадаллаштириш ва сифатли якунлаш бўйича топшириқлар берган эди.
Бугунги кунга қадар халқа метро йўлининг 4 километр қисмида қурилиш ишлари амалга оширилиб, 206 та таянч устуни учун котлован қазиш ишлари бажарилган. Устунлар устига кўндаланг темир-бетон таянчлар ўрнатиш ишлари бошланган. Устунлар оралиғини бирлаштирувчи 16 та темир-бетон балка ўрнатилган.
Қурилиш ишларига 60 дан ортиқ техника ва механизм ҳамда 400 нафар муҳандис ва ишчи жалб қилинган. Метро қурилиши “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли “Кўприк қурилиш трести” унитар корхонаси бунёдкорлари томонидан амалга оширилмоқда.
– Бу транспорт тармоғи ишга тушишини халқимиз интиқлик билан кутмоқда, – деди Шавкат Мирзиёев. – Ҳар томонлама қулай, арзон ва хавфсиз бўлган мазкур транспорт тармоғи аҳолига ҳар томонлама қулайлик яратади. Шунинг учун қурилишни имкон қадар тезроқ якунлашимиз керак.
Давлатимиз раҳбари ер усти халқа метро линияси қурилишида эътиборга олиш лозим бўлган жиҳатларга алоҳида тўхталди. Бунёдкорлик ишлари узлуксизлигини таъминлаш, унинг атрофини ободонлаштириш, «Дўстлик» бекатидан Қўйлиқ бозоригача ва Қўйлиқ бозоридан «Олмазор» бекатигача бўлган 22 километрлик қисмини 2019 йил Наврўз байрамигача фойдаланишга топшириш юзасидан зарур кўрсатмалар берди.
Айни пайтда халқа метро линиясидаги поезд ва бошқа техникаларни бошқариш учун 50 нафар мутахассис Жанубий Корея ва Хитойда малака оширмоқда. Метрода ҳаракатланадиган янги поездлар ҳам тайёрланмоқда.
Зиёдулла Жонибеков, ЎзА