Энг улуғ, энг азиз байрам кунларида Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл туманидаги “Янги Ўзбекистон” массивида янги мактаб, кўп қаватли турар жой, Кадастр агентлиги туман бўлими ҳамда Давлат кадастрлар палатаси туман филиали биноси янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Очилиш тадбирларда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев иштирок этиб, барчани Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги байрами ҳамда янги биноларнинг фойдаланишга топширилиши билан табриклади.

Сўнгги йилларда юртимизда таълим соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг ўзида 202,8 миллиард сўм маблағ эвазига янгидан 4 та мактаб қурилмоқда ва 30 та мактабда реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Янги ўқув йили бошланиши арафасида туманда янги мактаб биноси фойдаланишга топширилиши аҳоли учун қувончли бўлди. Жами 330 ўринли мактабда кенг ва ёруғ ўқув хоналари, спорт зал, универсал спорт майдончаси бўлиб, уларда болаларнинг замонавий билим олиши учун барча имкониятлар яратилган.

Туманда барча ижтимоий инфратузилмага эга бўлган “Янги Ўзбекистон” массивида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Бугунги кунга қадар мазкур массивда 6 та турар жой ўз эгаларига берилган бўлса, мустақиллик байрами арафасида яна битта кўп қаватли турар жойнинг фойдаланишга топширилиши аҳоли учун туҳфа бўлди. Массивда 1,4 километр ичимлик сув, 3,1 километр оқова сув тармоғи тортилди ва 1,8 километр ички йўл таъмирланди.

Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 28 июлдаги “Қорақалпоғистон Республикаси аҳолисини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда жисмоний шахслар томонидан қурилган уй-жойларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги фармони асосида аҳолининг уй-жойга бўлган ҳуқуқи амалга оширилиши учун шарт-шароитлар яратиш, жисмоний шахслар томонидан қурилган кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш орқали аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур фармон ижросини таъминлаш доирасида 27 мингдан ортиқ, шундан, Қонликўл туманида 140 та уй-жойда яшовчи фуқаронинг кадастр ҳужжатлари билан боғлиқ муаммоси ўз ечимини топди.

Тадбир иштирокчилари янги биноларда аҳолига яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.