Мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллиги байрами арафасида Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли тумани ҳокимлиги ташаббуси билан Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳомийлигида 10 та никоҳ ва 15 та суннат тўйи ўтказилди.

Тадбирда Бухоро вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Б.Аҳмедов, Хўжайли тумани ҳокими Ж.Ермашов йиғилганларни мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллик байрами, ёш оилаларни ҳамда болажонларни унутилмас кун билан қутлади.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кексаларга ҳурмат, ёрдам кўрсатиш ва кўмакка муҳтож кишиларни қўллаб-қувватлаш, беморларнинг дардига дармон бўлиш халқимизга хос савобли амаллардан ҳисобланади.

Тадбирда янги ҳаётга қадам ташлаётган ёш оилаларга ва суннат тўйлари ўтказилаётган болажонларга ҳомийлар томонидан эсдалик совғалари топширилди. Санъат усталари ижросидаги концерт дастури тадбирга ўзгача файз бағишлади.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.