Нукусда Ўзбекистон Экологик партияси Сайловолди дастури лойиҳаси муҳокамасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Унда партиянинг “Табиат учун бирлашайлик” шиори остидаги сайловолди дастури лойиҳасида минтақа аҳолиси учун муносиб яшаш шароитларини яратиш бўйича қатор таклифлар илгари сурилаётгани қайд этилди.

Таъкидланганидек Оролбўйи минтақасида инсон хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўп томонлама ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш ниҳоятда долзарбдир. Шу боис Ўзбекистон Экологик партияси минтақадаги йирик нодавлат ташкилотлардан бири сифатида табиий ресурслар, биохилма-хилликни сақлаб қолишга эришишни мақсад қилган.

Шунингдек, экологик барқарорликка салбий таъсир кўрсатувчи лойиҳалар, технологиялардан босқичма-босқич воз кечиш, ичимлик суви, тоза ҳаво, муқобил энергия ва бошқа тақчиллиги ортиб бораётган табиий ресурсларни асрашга қаратилган ҳамкорликни кенгайтириш, амалдаги қонунчиликни минтақа ва миллий манфаатлардан келиб чиқиб қайта кўриб чиқиш таклифлари ҳам сайловолди дастури лойиҳасидан муҳим ўрин олган.

– Кутилаётган сайловларга катта мақсадлар билан кириб келган Ўзбекистон Экологик партиясининг сайловолди дастури лойиҳаси бўйича атрофлича маълумотларга эга бўлдик, – дейди Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети биология факультети декани Якуб Aметов. – Муҳокама жараёнида нафақат экологик, балки ёшлар, хотин-қизларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиришга қаратилган таклифларимизни келтириб ўтдик. Албатта, бу таклифлар партиянинг сайловолди дастури лойиҳасига киритилади, деган умиддамиз.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.