Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида бугунги кунда 49 та овул ва маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, шундан “Зиёкор” маҳалласи янгидан ташкил қилинди.

Маҳалла фуқаролар йиғинида 7 минг 844 нафар аҳоли, 1 минг 813 та оила бўлиб, ҳудуд аҳолиси асосан деҳқончилик билан шуғулланади. Қорақалпоғистон Республикасига кўрсатилаётган алоҳида эътибор сабаб, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ҳар бир маҳаллага ажратилган 500 миллион сўм маблағнинг бир қисмига маҳалла биноси қуриб битказилди.

Ҳудуд аҳолиси мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллик байрамини муносиб кутиб олмоқда. Айниқса, “Zavod XozAgro” масъулияти чекланган жамият қўшма корхонаси ишга туширилиб, кўпгина фуқаролар иш билан таъминланди.

Янги маҳалла учун бинонинг фойдаланишга топширилиши  муносабати билан ўтказилган тадбирда сўзга чиққанлар барчани байрам билан қутлаб, ҳудуд аҳолисининг ҳамжиҳатликда амалга оширадиган ташаббусларида хизмат қилишига тилак билдирди.

Туман ҳокимлиги мутасаддиларининг таъкидлашича, мустақиллик байрами кунлари 10 та овул ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири.