“Халқаро минбар” лойиҳасида яқинда ЎзА меҳмони бўлган Қатарнинг тажрибали, кўзга кўринган ва обрўли журналистлардан бири – “Аш-Шарқ” бош муҳаррири Жобир Салим Ал-Ҳармийнинг “Инфратузилма иқлим ўзгариши билан курашишга тайёрми?” сарлавҳали мақоласи тақдим этилмоқда.
Сўнгги уч йил Форс кўрфази ва Арабистон ярим ороли иқлим ўзгариши билан боғлиқ улкан воқеаларга гувоҳ бўлди. Айни ҳолат бир жиҳатдан Форс кўрфази ҳамкорлик кенгаши (ФКҲК) мамлакатларига ёғаётган қор ва ёмғир миқдори билан белгиланади. Бу ҳодисалар қатор мамлакатларда ғайри оддий тошқинлар келтириб чиқарди. Минтақада мисли кўрилмаган рекордлар қайд этдили. Форс кўрфази ва араб мамлакатлари минтақа гувоҳи бўлаётган мисли кўрилмаган иқлим ўзгаришига ёрқин гувоҳдир.
ФКҲК таркибидаги давлатлар инфратузилма, турар-жой, маъмурий ва тижорат бинолари, миноралар билан боғлиқ шарт-шароит, вазиятни ўрганиши зарур. Бунинг учун қатор чора-тадбирларни, масалан “Қурилиш кодекси”ни ўзгартириш, янгиларини ишлаб чиқиш талаб қилинади.
Кўп йиллар давомида эътибор берилмаган бу масала мантиқсиз “ҳадик”дан бошқа нарса эмас, деб ишонилган. Аслида, бугун биз кўрфазнинг баъзи ҳудудларига ёғаётган ёмғир миқдори билан боғлиқ мутлақо нотаниш манзара билан рўбарў келдик. Шунингдек, вақт ва жамиятни ҳушёрликка чақирадиган кўрсаткичлар, қурилиш даражаси, турли йўналишлар бўйича барча тартиб-қоида, келгуси қадамлар, шу билан бирга барча манфаатдор томонларнинг келишувга тайёрлик даражасини қайта кўриб чиқиш фурсати етди.
Умуман, Форс кўрфази мамлакатидаги қурилиш стандарти, албатта, қайта кўриб чиқилиши, пайдо бўладиган маълумотларга мос келадиган янги стандарт яратиш ҳақида ўйлаш, ҳозир мавжудларини янгилаш устида ишлаш керак.
Кўрфаз ҳамкорлик кенгаши мамлакатлари иқлим шароити ва географик табиати бир-бирига ўхшаш. Бу ҳолат яқин ҳамкорлик, мувофиқлаштириш ва интеграция талаб қилади, муносабатни мустаҳкамлайдиган жиҳатларни қидиради, ҳамкорлар қурилишга янги пойдевор қўйиш учун бирга ҳаракат қилишини тақозо қилади.
Бу борада асосий масъулият Кўрфаз мамлакатлари инфратузилмасини араб дунёсида энг юқори даражага чиқарадиган, соҳага етарли маблағ ажратиладиган, шу орқали муайян режани амалга оширадиган ва ҳолатни назорат қиладиган секторлар зиммасига тушади.
Қурилиш секторига ажратиладиган бюджетда ўтмиш хатоларини такрорламаслик, кўпроқ ёмғирли об-ҳаво талабига жавоб берадиган ва чидамли лойиҳаларга сармоя киритилиги керак.
Яна бир муҳим масала бор: сув дренажи иншоотига техник хизмат кўрсатиш жараёни. Афсуски, тез-тез ёмғир шароитида ҳозирги дренажлар ишламайди, чунки мунтазам парваришланмагани сабабли чанг, кир билан тўлган. Шунинг учун мунтазам таъмирлашга устувор эътибор бериш лозим.
Бошқа томондан ёмғир миқдорига инвестиция киритиш фурсати ҳам келди. Форс кўрфази мамлакатларига ёғаётган ёмғирни стратегик сув захирасига айлантириш учун инвестиция киритиш мумкинми?
Минтақада сув муаммоси долзарб ҳаётий муаммо саналади. Сувни тузсизлантириш, ёмғир ёрдамида ер ости суви манбаларини тўлдириш устида ишлаш орқали сув захираси яратиш минтақа мамлакатлари ва келажак авлодларни сув танқислиги хавфидан ҳимоя қиладиган стратегия ҳисобланади.
Муҳаррама Пирматова тайёрлади. ЎзА