Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!
Нукус шаҳридаги Амфитеатрда юртимиз мустақиллигининг 33 йиллигига бағишланган “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, ҳукумат аъзолари, сектор раҳбарлари, вазирлик ва ташкилотлар, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тантанали тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев энг улуғ, энг азиз байрам – юртимиз мустақиллигининг 33 йиллиги билан барчани самимий муборакбод этди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 18 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан жойларда “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” номли бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди.
Президентимиз раҳбарлигида ўтган қисқа вақт ичида Қорақалпоғистон Республикасида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, юртимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Сўнгги йилларда кичик бизнес ва тадбиркорлик, саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида бир қатор инвестиция лойиҳалари амалга оширилди.
Бунинг натижасида байрам арафасида аҳоли учун янги иш ўринлари яратилиб, бир қатор йирик саноат корхоналари, кўплаб ижтимоий соҳа объектлари ишга туширилди. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан Нукус шаҳрида ўтказилган навбатдаги очиқ мулоқоти соҳа ходимларига катта имконият бермоқда.
Давлатимиз раҳбарининг Оролбўйига алоҳида эътибори ва ғамхўрлиги билан фақатгина Қорақалпоғистон учун қабул қилинган 15 та тарихий фармон ва қарор асосида ҳудуд аҳолисига, жумладан, ёшларга, тадбиркорларга имкониятлар яратилиб, маҳаллаларда кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди.
Шунингдек, “Нукус-Мўйноқ-Нукус”, “Нукус-Истанбул-Нукус” йўналишларида авиақатновлар, “Нукус-Манғистау-Нукус” йўналишида йўловчи поезд қатнови йўлга қўйилганини, Нукус шаҳри “Оқ қуш” мажмуасидаги қорақалпоқ миллий ўтовининг Гиннеснинг рекордлар китобига кирганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Тантанали байрам тадбири концерт дастури билан давом этди. Санъат усталари ва ёш иқтидор эгалари ижросидаги Ватан, дўстлик, тинчлик, ёшлик ҳақидаги куй-қўшиқлар, ҳарбийлар ҳамда ёш спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.