Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги ҳамда Миллий олимпия қўмитаси томонидан Ўзбекистон делегациясининг «Париж-2024» XXXIII ёзги Олимпия ўйинларидаги иштирокига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуманда спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Қосимов, Ўзбекистон футбол ассоциацияси раисининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов, Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Комилов ҳамда мамлакатимиз таэквондо ассоциацияси раиси Шерзод Тошматов иштирок этди.
Хабарингиз бор, мазкур нуфузли тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида Ўзбекистон делегацияси аъзолари 8 та олтин, 2 та кумуш, 3 та бронза медалини қўлга киритиб, 206 давлат орасида 13-ўринни эгаллади. Мамлакатимиз олимпиада ўйинларида МДҲ, Марказий Осиё, туркий ва мусулмон давлатлари орасида энг яхши натижани қайд этди. Бу тарихий натижа давлатимиз мустақиллигининг 33 йиллиги арафасида қўлга киритилгани байрамга муносиб туҳфа бўлди.
Анжуманда таъкидланганидек, спортчиларимизнинг янада юксак натижаларга эришишлари учун Спорт вазирлиги, Миллий олимпия ва Паралимпия қўмиталари, спорт федерациялари томонидан оммавий спортни ривожлантириш масаласига муҳим эътибор қаратилиши лозим бўлади.
– Хусусан, жорий йил якунига қадар оммавий спорт тадбирлари орқали ёшлар қамровини 10 миллион нафарга етказиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда, – деди спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов. – Истиқлол шодиёналари арафасида республикамиздаги 12 та спорт объектида қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари якунига етказилса, йил якунига қадар яна 30 та спорт объекти фойдаланишга топширилади. Яна шуни қувонч билан айтиш жоизки, мамлакатимизда «Тошкент-2025» ёшлар Осиё ва Пара Осиё ўйинларига ҳам қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Бунинг учун пойтахтимиздаги «Янги Ўзбекистон» боғига туташ ҳудудда минтақада ўхшаши бўлмаган улкан Олимпия шаҳарчаси бунёд этилмоқда.
Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимларининг саволларига жавоб берилди.
Жавоҳир Тошхўжаев, Тўлқин Рўзиев, ЎзА мухбирлари