Самарқандда “Шарқ тароналари” ўн биринчи халқаро мусиқа фестивали бошланди. Регистон майдонидаги асосий саҳнада қатнашчилар ўз дастурларини намойиш этишга киришди.
Фестивалнинг бошқа иштирокчилари Самарқанд шаҳридаги “Сўғдиёна”, “Ёшлик” истироҳат боғларида, Самарқанд педагогика коллежи, “Ниҳол” амфитеатрида самарқандлик санъаткорлар билан ҳамкорликда концерт дастурлари намойиш этдилар.
Хусусан, “Ниҳол” амфитеатрида Италия, Ҳиндистон, Эрон, Вьетнамдан келган ижодий гуруҳлар ва мамлакатимиз вакиллари томонидан миллий куй-қўшиқлар ижро этилди.
– “Шарқ тароналари” дунё халқларининг миллий мусиқа санъатини ўрганиш ва тарғиб этишга қаратилган, – дейди Италиянинг “Нантиша” гуруҳи аъзоси Аннализа Мессино. – Биз Неаполнинг ўзига хос шевасида ижро этиладиган қадимий қўшиқни ушбу фестивалга тайёрлаб келганмиз. Бугун танловдан ташқари дастурдаги ижромиз томошабинларга манзур бўлганидан хурсандмиз. Умуман, дастлабки кунданоқ ўзбек халқининг санъатни чин дилдан севиши ва юксак қадрлаши, ижодкорларга алоҳида ҳурмат-эътибор кўрсатиши ажойиб таассурот қолдирмоқда.
– Ўзбекистонда эрон халқи куй-қўшиқларини севиб эшитишларини яхши биламиз, – дейди Эроннинг “Нақш” гуруҳи хонандаси Аскари Мугтабо. – Миллий чолғу асбобларимиз оҳанги уларга хуш ёқади. Шунинг учун фестивалда камонча, тамбак, қонун каби созларда ижро этиладиган халқ қўшиқларини куйламоқчимиз. Ҳозиргина Саъдий Шерозий ғазаллари билан айтган қўшиқларимиз томошабинларга манзур бўлгани кўнглимизни кўтарди. Қарийб бир ҳафта давомида бу ерда ўзимизнинг энг яхши асарларимизни ижро этиб, халқингизнинг байрамона кайфиятини янада кўтаришга ҳаракат қиламиз. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқини яқинлашиб келаётган мустақиллик байрами билан табриклаймиз.
Самарқанд шаҳридаги Фароғат, Саид Ризо Ализода номидаги ва бошқа маҳаллалар аҳолиси тинчлик ва дўстлик турли тилларда мадҳ этилган қўшиқларни тинглаб, рақс тушдилар.
– “Шарқ тароналари” фестивали иштирокчиларининг шаҳримиздаги маданият ва истироҳат боғлари, амфитеатрларда ҳам ўз дастурини намойиш этиши ажойиб иш бўлмоқда, – дейди Янгиқўрғон маҳалласида яшовчи Шоира Эгамбердиева. – Кечки пайт оила аъзоларимиз билан келиб, концерт дастурини томоша қилиб, мароқли ҳордиқ чиқаряпмиз. Куй-қўшиқ, санъат тил ва миллат танламаслигига яна бир бор амин бўлиб турибмиз.