Инвесторлар билан ҳамкорлик

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Фарҳод Эрманов Хитой давлатидан келган инвесторлар билан алоқа инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича музокаралар олиб борди.

Ушбу дастурнинг асосий мақсади Марказий Осиё давлатлари билан савдо кўламини кенгайтириш, сунъий интеллект ғояси даражасини кўтариш ва ахборот технологияларига йўналтириладиган инвестицияларни кўпайтиришдан иборат. Айни пайтда Қозоғистон, Въетнам, Малайзия ва Сингапур каби мамлакатлардаги рақамли технологияга ихтисослашган корхона, муассаса ва университетлар ушбу дастурда иштирок этишни лойиҳалаштирмоқда.

Қувонарлиси, хитойлик инвестор жаноб Лиу Генчжонгнинг таклифига биноан Қорақалпоғистон Республикаси биринчи тадқиқот йўналиши сифатида танлаб олинди ва амалий музокаралар олиб борилди.

Байрам шодиёналари  

Беруний тумани марказидан олис ҳудуд “Олтинсой” овул фуқаролар йиғинида “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида ўтказилган байрам тадбири бутун ҳудуд аҳолисини қамраб олди.

Ўтган 33 йил мобайнида юртимизда эришган том маънодаги ютуқлар, авлодларнинг тинч ва фаровон яшашини таъминламоқда. Ҳар бир ҳудудда байрам тантаналари нишонланиб, аҳолининг кайфияти, ўзаро бирдамлиги намойиш этилмоқда.

Тадбирда мактабларни аъло баҳоларга тугатиб, олий ўқув юрти талабаси бўлган бир гуруҳ ёшларга ҳомийлар томонидан совғалар топширилди. Шунингдек, “Aёллар дафтари”да рўйхатда турган 4 нафар хотин-қизга субсидия асосида замонавий тикув машиналари, ёрдамга муҳтож оила вакилларига пул маблағи, байрам муносабати билан эҳтиёжманд 10 та хонадонга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

Байрам тантанаси давомида спортчи ёшларнинг чиқишлари ҳамда маданият ходимларининг куй-қўшиқлари барчага манзур бўлди. Ҳудуд нуронийлари бир пиёла чой устида бугунги тинч ва фаровон замонимиз учун шукроналар айтиб, дуога қўл очдилар.

Сингапур тажрибаси асосида  

Амударё туманида ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий-ахлоқий ва интеллектуал ривожлантиришни сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш, мамлакатимизнинг халқаро миқёсда ўқувчиларни баҳолаш дастурлари рейтинги бўйича жаҳоннинг илғор мамлакатлари қаторига киришига бағишланган “Муваффақиятли ислоҳотлар – юқори натижалар” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Тадбир доирасида Сингапур тажрибаси асосида “Marshall Cavendish Education” ташкилоти билан ҳамкорликда аниқ ва табиий фанлар бўйича илғор хорижий тажрибаларни умумий ўрта таълим мактабларида оммалаштириш, мактаб раҳбарлари ва ўқитувчилар малакасини ошириш, уларни касбий ривожлантиришга доир илғор тажрибаларни алмашиш, ўқувчилар билими ва кўникмаларини баҳолаш ҳамда ривожлантиришда сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиш, таълимни рақамлаштириш бўйича соҳа мутахассисларининг мавжуд билимларини ошириш бўйича экспертларнинг маърузалари тингланди.

Таъкидланганидек, Сингапур таълимга оид нуфузли тадқиқотлар натижасига кўра дунёда етакчи мамлакатлардан бири бўлиб, таълимга сармоя киритиш, инсон капиталини ривожлантиришга эътибор қаратиш орқали мамлакат тараққиётига эришган давлат сифатида эътироф этилади. Ҳамкорлик дастурига кўра таълим муассасаларида саводхонликни ривожлантириш йўналишлари бўйича тренинглар олиб борилмоқда.

Иштирокчилар Сингапур ёндашувларидан фойдаланиб, инновацион дарс ўтиш усулларини ўзлаштирдилар ва ўз навбатида янги ўқув йилидан бошлаб ўқувчиларга янги билим ва кўникмаларни етказадилар.

Довуд Абибуллаев,  

ЎзА мухбири.