Яқин Шарқда юз бераётган фожиали воқеалар тафсилоти бугун кўпчиликнинг эътиборида. Қуйида ушбу мавзуга оид охирги янгиликлар ҳақида сўз юритамиз.

Фаластиннинг ХAМAС гуруҳи раҳбарияти Исроил билан сулҳ битими шартини ўзгартириш таклифига қарши чиқди. AҚШ Давлат котиби Блинкен Яқин Шарқ бўйлаб сафарини давом эттирди, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси вакили Исроилга “узоқ жавоб” билан таҳдид қилмоқда.

ХАМАСнинг юқори мартабали мулозими Усама Ҳамдан Блинкеннинг Исроил Ғазо секторида вақтинча сулҳ тузишга рози бўлгани, энди ХАМАСдан ҳам жавоб кутилаётгани ҳақидаги баёнотини танқид қилди. Унинг сўзларига кўра, бу аввал келишилган таклиф эмас.

ХАМАС 31 майда Байден таклиф қилган ва 11 июнь куни БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан қўллаб-қувватланган асл нусхага содиқ қолади.

Ўз навбатида Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Исроил мудофаа кучлари ҳеч қандай шароитда Филадельфия ва Нетзарим йўлакларини тарк этмаслигини айтди. Шундан сўнг исроиллик гаровга олинганларнинг оилалари ҳукумат етакчисини келишувни бузишда айблади.

Исроил мухолифати етакчиси Ғазо секторида сулҳ битими ва анклавдаги маҳбусларни озод қилиш талабини яна бир бор эслатди.

“Ҳизбуллоҳ” сешанба куни эрталаб Ливандан Исроилдаги ҳарбий обеъктларга йирик ракета ҳужуми уюштириб, Голан тепалиги ва Юқори Жалиладаги икки ҳарбий базага 55 та ракета учирди. Гуруҳ баёнотида бу ҳаракат Исроилнинг Бекаа минтақасига бир кечада уюштирган ҳужумига жавоб экани таъкидланган. ЦАХАЛ маълум қилишича, Исроил “Ҳизбуллоҳ”нинг қурол омборини нишонга олган. Кейинроқ Ливандан Ғарбий Жалилага тахминан 20 та ракета отилди. Исроил мудофаа кучлари Ғазо сектори жанубидаги Хон Юнисда ўтказган бир кеча-кундузлик амалиёт давомида гаровга олинганлардан олти нафарининг жасадини олиб чиққан. Шундан сўнг ЦАХАЛ асирлар ўлими сабаби, жумладан гаровга олинганлар Исроил ўтида ҳалок бўлгани эҳтимоли ўрганилишини билдирди.

AҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг Яқин Шарқ бўйлаб сафаридан кўзланган мақсад Ғазодаги урушни тугатиш ва гаровга олинганларни озод қилиш бўйича музокара ғоясини илгари суриш. У Мисрда Президент ва ташқи ишлар вазири билан учрашган.

Aбдулфаттоҳ ас-Сисий зиддият минтақавий даражага кўтарилиши хавфидан огоҳлантириб, бунинг оқибатини “тасаввур қилиш қийин”лигини таъкидлаган.

Ғазодаги мактабда жойлашган ХAМAС қўмондонлик манзилига ҳужум натижасида 12 киши ҳалок бўлди. Фуқаролик мудофааси расмийлари ўнлаб одам вайрона остида кўмилган, деб ҳисоблаяпти.

Исроил ҳарбийлари фикрича, мазкур Мустафо Ҳофиз мактабидан қарши ҳужумни режалаштириш ва амалга ошириш мақсадида фойдаланилган.

Маҳаллий матбуот эса бино юзлаб кўчирилган одамларга бошпана эканини қайд этган.

Фаластин оммавий ахборот воситалари сектор марказидаги Aл-Баракоҳ айланмаси яқинида, одамлар гавжум ҳудудга уюштирилган ҳужум оқибатида камида 10 нафар фуқаро ҳалок бўлгани, ўнлаб одам яралангани ҳақида хабар тарқатди.

Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант айтишича, Исроилнинг “оғирлик маркази” аста-секин марказдан шимолга кўчяпти. Яъни, мамлакат Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи билан рақобатни кескинлаштиришга тайёргарлик кўряпти.

Полиция Исроил марказидан ноқонуний сақланаётган қуролларни мусодара қилди. Нетания марказидаги бино ёнидаги автомобиллар турар жойида граната отиш мосламаси топилди. Аслаҳани полиция сапёри муваффақиятли зарарсизлантирди.

Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси матбуот котиби Aлимуҳаммад Наиний Исроилдан ўч олинишини узоқ вақт кутишга тўғри келади, дея тахмин қилган.

Эслатиб ўтамиз, Эрон 31 июль куни Теҳронда ХAМAС етакчиси Исмоил Хания ўлдирилишига жавобан қасос олиш билан таҳдид қилган. Исроил ҳозиргача қотилликка алоқадорлигини на тасдиқлади ва на инкор қилди.

ЎзА мухбири Гўзал Сатторова тайёрлади.