Жорий йилнинг 22-24 август кунлари Бошқирдистон Республикасида II халқаро “Куз романтикаси” классик мусиқа фестивали бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон делегацияси аъзоларининг Бошқирдистон Республикаси давлат академик симфоник оркестри билан ҳамкорликда миллий маданиятимиз намуналари жамланган концерт дастури намойиш этилди.
Фестивалда Қорақалпоғистондан ташриф буюрган бир гуруҳ санъаткорлар Бошқирдистон Республикасининг юксак унвонлари билан тақдирланди. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Бегис Темирбаев “Бошқирдистон Республикаси халқ артисти”, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри солисти Ўтемис Жуманиязов, ёш ижодкорлар Маманбий Жумабаев ҳамда Хурсандбек Атамуратов “Бошқирдистон Республикасида хизмат кўрсатган артист” фахрий унвонларига сазовор бўлди. Ўзбекистон, Қорақалпоғистон, Татаристон ҳамда Бошқирдистон халқ артисти Женисбек Пиязовга Бошқирдистон Республикаси ҳукуматининг Фахрий ёрлиғи топширилди.
Кўрсатилган бу эътироф қорақалпоқ ва бошқирд халқларининг мустаҳкам дўстлигининг ёрқин ифодаси бўлиб, Қорақалпоғистон ҳамда Бошқирдистон Республикалари ўртасида ижтимоий-иқтисодий, савдо ва маданий-гуманитар соҳаларидаги ҳамкорликнинг ижобий самарасидир.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.