Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан тўлов интизомига риоя этмаган шахслардан коммунал қарздорликлар ундирилмоқда.

Энергия ресурслари билан таъминлаш дунё миқёсида долзарб муаммога айланиб бораётган бир паллада, жамиятда тўловларни ўз вақтида амалга оширмаган истеъмолчилар ҳам йўқ эмас. Бу эса ўз навбатида истеъмолчиларга ҳам энергия ресурсларини мунтазам равишда етказиб беришда муаммоларни келтириб чиқаради. Коммунал қарздорликларни ўз вақтида тўламаган истеъмолчилардан юзага келган қарздорликларни ундириш суд тартибида амалга оширишда мажбурий Бюро органлари томонидан олиб борилмоқда.

Хусусан, бошқарманинг ҳудудий бўлимлари иш юритувида 2024 йилда жами 6 миллиард 696,2 миллион сўмлик 833 та ижро ҳужжати мавжуд бўлиб, шундан 4 миллиард 705,2 миллион сўмлик 640 таси тамомланди. Амалда 3 миллиард 445,2 миллион сўмлик қарздорлик ундирилди.

Жумладан, Беруний туманлараро иқтисодий судининг ижро варақасига асосан, жавобгар “Super Baliqlar” фермер хўжалигидан ундирувчи “Hududiy elektr tarmoqlari” акциядорлик жамияти фойдасига жами 165,2 миллион сўм ундириш белгиланган. Бюронинг Тўрткўл туман бўлими давлат ижрочиси томонидан олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари натижасида ушбу қарздорлик амалда ундирилиши таъминланди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.