Бугун мамлакатимизда замонавий муқобил энергия манбаларидан кенг фойдаланиш орқали энергия тақчиллигини бартараф этиш мумкинлиги ўз исботини топмоқда.

Бу борада давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори қабул қилиниб, қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатган ва улардан фойдаланувчи шахслар, улар фойдаланишга топширилган кундан эътиборан уч йил муддатга мол-мулк ёки ер солиғи, шунингдек, ортиб қолган энергияни давлатга сотишдан олинган даромад фойда солиғидан озод этилиши белгиланган.

Берунийлик тадбиркор Руслан Казаков яратилган шароитлардан унумли фойдаланиб, қуёш панелларини даромад манбаига айлантириб улгурган. Ҳозирда у давлат томонидан ажратилган 1,5 гектар ер майдонига 850 кВт қувватли қуёш панелларини ўрнатиб, ишлаб чиқарилган электр энергиясини “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятига сотиш орқали ойига 120 миллион сўмгача даромад топмоқда.

Бундан ташқари, ишнинг кўзини билиб, даромад қилишни бошлаган тадбиркор ўзига қарашли бўлган савдо дўконининг том қисмига ҳам 20 кВтли қуёш панелларини ўрнатган. Бунинг натижасида “Komil-Ruslan” масъулияти чекланган жамиятнинг электр энергияга бўлган талаби тўлиқ қуёш панеллари ҳисобидан қопланиб, ортиб қолган энергиянинг тармоққа сотилиши ҳам йўлга қўйилган.

– Қуёш панеллари ҳеч қандай қўшимча парвариш ёки эътибор талаб қилмайди, у шунчаки даромад келтиради. Бу борада яратилган шароитлар биз тадбиркорларни ҳар томонлама руҳлантиради, – дейди корхона раҳбари Р.Казаков.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунга қадар биргина Қорақалпоғистон Республикасининг ўзида жами 1 минг 53 та тадбиркорлик субъекти томонидан 7,85 МВт (Мегаватт) қувватли қуёш панеллари ўрнатилган. Бу бир ойда ўрта ҳисобда 1800-2000 МВт электр энергияси муқобил энергия манбаларидан олиниб, аҳоли ва ишлаб чиқаришга йўналтирилмоқда.

Энергия тақчиллигининг олдини олиш, аҳоли ва саноат объектларини узлуксиз электр энергияси билан таъминлашда қуёш панелларининг ўрни беқиёс. Шундай экан, давлатимиз томонидан яратилган шароит ва имтиёзлардан оқилона фойдаланаётган тадбиркорлар халқ фаровонлиги йўлида савоб иш қилиб, шунинг ҳисобидан даромад ҳам олмоқда.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.