Самарқанд халқаро туризм марказидаги конгресс-холлда “Буюк аждодлар мероси – Учинчи ренессанс пойдевори” VIII халқаро конгрессининг тантанали очилиш маросими бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг анжуман қатнашчиларига табригини Президент маслаҳатчиси Х. Султонов ўқиб эшиттирди.
Президентимиз табригида Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти фаолиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси доирасида 70 жилдлик китоб-альбомлар нашр қилиниб, юртимиз ва чет эллардаги энг машҳур кутубхоналар, олийгоҳ ва музейлар, нуфузли илм-маърифат масканларига етказиб берилганини таъкидланди.
Ана шу ишларнинг давоми сифатида анжуман кунларида мазкур туркумдаги яна ўнта янги жилд тақдимоти ўтказилиши ҳам муҳим маданий ҳодиса, дея эътироф этилган.
– Аввало, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан йўлланган табрик учун иштирокчилар номидан ўз ташаккуримизни билдирамиз, – деди Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов. – Бундай ишонч маҳаллий ва хорижлик олимларни катта куч билан ишлашга даъват этади. Мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш бўйича улкан ишлар қилинмоқда Илм-фан, таълим ва маданият ривожланмоқда. Бундан 7 йил муқаддам ана шу эзгу мақсадларни амалга ошириш учун Президентимиз фармони асосида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташкил қилинган эди. Бугун бу борадаги ишлар ўз натижасини кўрсатмоқда.
Таъкидлаш керакки, 23-26 август кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) ҳамда «Eriell Group» нефть хизматлари компанияси билан ҳамкорликда VIII халқаро конгресси ташкил этилмоқда. Унинг асосий мақсади эса Янги Ўзбекистоннинг маданий-гуманитар соҳадаги тараққиёт йўли, янги юксалиш даврида эришилаётган ютуқлар ва диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни тарғиб этиш, халқимизнинг бой маданий ва маънавий меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ҳамда оммалаштиришда маҳаллий олимлар ва халқаро илмий экспертлар ҳамжамияти билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйишдир.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари