Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилгани мазкур ҳудуднинг тараққий этишида муҳим ўрин тутиши қайд этилмоқда.
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Иминов шу ҳақда фикр билдирди:
– Президентимизнинг тадбиркорлар билан бу сафарги учрашуви янги ғоя ва ташаббусларга бой бўлди. Уларни амалга ошириш юртимизда тадбиркорлик янада ривож топишига хизмат қилади.
Айтиб ўтиш керакки, мазкур учрашув боис давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистонга ташрифлари ҳам самарали кечди. Ташриф чоғида ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий дастурлар тақдимоти билан танишилди.
Эътиборлиси, охирги 7 йилда Қорақалпоғистон Республикасида 17 триллион 800 миллиард сўмлик 6 минг 784 лойиҳа амалга оширилган.
Натижада 56 мингта янги иш ўрни яратилган. Шу даврда 2 миллиард 815 миллион долларлик экспортга эришилган. Бу йил республикада умумий қиймати 874 миллион долларлик 470 лойиҳа амалга оширилмоқда.
Бугун бу ишлар самарадорлиги изчил давом эттирилмоқда. Қатор ривожланган давлатларнинг йирик инвесторлари ва маҳаллий тадбиркорлар томонидан умумий қиймати 9,5 миллиард долларлик 124 лойиҳа шакллантирилган.
Ана шу лойиҳаларнинг бир нечтаси давлатимиз раҳбарига тақдимот қилинди. Лойиҳаларга Хитой, Саудия Арабистони, Германия, Россия, Испания каби мамлакатлар компаниялари инвестиция киритмоқда. Улар энергетика, иссиқлик таъминоти, тоғ-кон ва кимё саноати, қурилиш материаллари, хизмат кўрсатиш ва бошқа тармоқларни қамраб олган.
Жумладан, Саудия Арабистони билан ҳамкорликда Нукус шаҳрида марказлашган иссиқлик таъминоти тизимини яхшилаш, Испания инвестицияси иштирокида Қораўзак туманида қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш, германиялик инвесторлар томонидан Нукус туманида мисни қайта ишлаш ва кабеллар ишлаб чиқариш лойиҳалари режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари ишбилармонларга ҳар томонлама мададкор бўлиб, лойиҳаларни жадаллаштириш муҳимлигини алоҳида таъкидлади.
Албатта, бу истиқболли дастурларнинг амалга оширилиши, биринчи навбатда, ҳудуднинг ривожланиши ва маҳаллий аҳолининг турмуш даражаси янада яхшиланишига хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА