Пойтахт ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, Тошкентдан оқиб ўтадиган каналлар ва уларнинг қирғоқ атрофи тоза, озода масканга айланиб бормоқда.

Ҳудудлардан тонналаб чиқинди ва ахлатлар чиқариб ташланди. Улар асосан инсон омили сабаб йиғилиб қолган маиший чиқиндилар: эски ғилдираклар, озиқ-овқатлар, идишлар ва ҳоказо. Афсуски, кўпчилик ҳамшаҳарларимиз чиқиндиларни шундоққина сув бўйига улоқтириб кетаверган. Оқибатда йиллар давомида улар катта уюмларга айланиб қолган.

Ички ишлар органлари ташаббуси билан олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари натижасида бундай манзаралар босқичма-босқич камайиб бормоқда. Бунга Бўрижар ва Найман канали яққол мисол бўла олади.

Найман каналининг Сергели тумани Дарёбўйи маҳалласидан оқиб ўтувчи ҳудуди бугун умуман янги қиёфа акс этган. Яқин-яқингача бу ерларга оёқ босиб бўлмасди. Бир ой давомида тегишли соҳа вакиллари томонидан олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида оқар сув атрофи тозаланиб, чиқиндилардан холи ҳудудга айлантирилди.

Шунингдек, Бўрижар каналида ҳам кенг кўламли ободонлаштириш ва тозалаш ишлари олиб борилмоқда. Тегишли ташкилотлар ва туман ҳокимлиги ходимлари махсус техникалар ёрдамида канал бўйини ўраб олган чиқиндилар, ёввойи ўтлардан тозалади. Бундан ташқари, канал соҳилларига турли манзарали кўчатлар ўтқазилиб, бу ерда одамлар сайр қиладиган кўркам маcкан барпо қилиш кўзда тутилмоқда.

 

Назокат Усмонова, ЎзА