Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида сайловга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш билан боғлиқ жараёнлар юзасидан маҳаллий тренерлар учун ўқув-амалиёт машғулотлар ташкил этилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 27 майдаги “Сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш тўғрисида”ги қарорининг 1-иловасига мувофиқ “Сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш концепцияси” тасдиқланди.
Мазкур концепцияга асосан мамлакатимизнинг етакчи олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари орасидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрининг ҳар бирига 6-8 нафардан жами 104 нафар республика тренерлар таркиби шакллантирилди. Шу асосда мазкур олий ўқув юртида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловига тайёргарлик кўриш ва ўтказишга оид маҳаллий тренерлар учун уч кунлик ўқув-амалиёт машғулотлар ўтказилди.
Ўқув-амалиёт машғулотларда ҳудудий тренерлар томонидан сайлов қонунчилигидаги ўзгаришлар, сайловларни ташкил этиш, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловига тайёргарлик кўриш ва ўтказишга оид қабул қилинган қарорлар юзасидан батафсил маълумот берилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.