ФВВ хабарномаси: Ўзбекистонда қуруқ ва жуда иссиқ ҳаво давом этади

Ўзгидромет маълумотига кўра, 2018 йил 19-23 июл кунлари Ўзбекистонга хорижий давлат (Эрон)дан қуруқ ва жуда иссиқ ҳаво Туркманистон орқали яна кириб келади.
Шу муносабат билан, республиканинг аксарият ҳудудларида ҳавонинг кундузги ҳарорати ўртача кўп йиллик қийматлардан 5-7 даражага ошиб, 40-43 даражани ташкил этади.
Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида ҳаво ҳарорати 44-45 гача қизийди, гаримсел кутилмоқда.
19-23 июль кунлари республиканинг тоғ ва тоғ олди минтақаларида ҳаво ҳароратининг ошиши муносабати билан Тожикистон ва Қирғизистон ҳудудларидан глясиял (музликнинг эриши натижасидаги) сел келиши мумкин.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, хавфсизлик чораларини кўришингизни, кўп миқдорда ичимлик сувини истеъмол қилишингизни, заруратсиз кўчага чиқмасликни, жисмоний ҳаракатларни камайтиришингизни сўраймиз, дейилади ФВВ хабарномасида.

 

ЎзА