Нукус шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти давом этмоқда.

Президент ён қўшниларимизнинг йиллик импорти 90 миллиард доллар бўлгани билан бизнинг ундаги улушимиз атиги 4 фоиз экани, ёки  МДҲ доирасида эркин савдо режими ўрнатилгани билан, Ҳамдўстликдаги 500 миллиард долларлик импортда бизнинг ҳиссамиз 2 фоизга ҳам бормаслигини мисол қилиб келтирди.

Демак, рақобат борасида ҳали анча ишлашимиз зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Бу борада катта ислоҳот бошланиб, икки ой олдин алоҳида фармон билан металлургия, кимё, энергетика ва телекоммуникация тармоғида эксклюзив ҳуқуқлар бекор қилинди.

Корпоратив харидларда ишлаб чиқариш учун олинадиган маҳсулотларга ҳам нарх устуворлиги бекор қилиниши қайд этилди.

Бундан буён, ҳеч кимда алоҳида ҳуқуқ бўлмаслиги, хоҳ давлат стратегик корхонаси бўлсин, хоҳ хусусий корхона ёки хорижий инвестор бўлсин, иқтисодиётда барча тенг шароитда ишлаши таъкидланди.

ЎзА