Президентимизнинг 2023 йил 30 март куни Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида берилган топшириқлар ва кенгайтирилган тарзда ўтказилган мажлис баёни ижросини таъминлаш бўйича ўтган давр мобайнида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Давлатимиз раҳбарининг Оролбўйига алоҳида эътибори ва ғамхўрлиги туфайли фақатгина Қорақалпоғистон учун қабул қилинган 7 та фармон ва қарор асосида ҳудуд аҳолисига, жумладан ёшларга, тадбиркорларга катта имкониятлар яратилди. Маҳаллаларда кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Жумладан, ўтган йилда 452 та маҳалланинг ҳар бирига 500 миллион сўмдан, жами 226 миллиард сўм қўшимча маблағ ажратилиб, кадастри бўлмаган 43 мингдан зиёд турар жойнинг кадастр ҳужжатлари тайёрланди.
Қорақалпоғистон Республикасида 2024 йилнинг биринчи ярмида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 15,7 триллион сўмни, ўсиш суръати 105,7 фоизни ташкил этди. 132 миллион долларлик хорижий инвестиция ўзлаштирилиб, унинг ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10,7 баробарга ошди. Республикада экспорт ҳажми 80,2 миллион долларни, экспорт қилувчи корхоналар 141 тани ташкил этди. Олти ой мобайнида 68,2 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланиб, ишсизлик даражаси 7,1 фоизгача камайтирилди, 7 минг нафар фуқаро касб-ҳунарга ва чет тилларига ўқитилди.
Республикада сув танқислиги шароитида сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш бўйича ишлар назоратга олинган. Жами 35978,7 гектар ер майдонидан бугунги кунда 30209,9 гектари суғорилди. Қолган 5768,8 гектар ер майдони навбатма-навбат суғорилиб борилмоқда. Сувни тежовчи технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда пахта майдонларида пудрат шартномалари расмийлаштирилган бўлиб, 2 минг 882 гектар майдонда томчилатиб суғориш ва 214 гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш ишлари бошланди. Жорий йилда 34 минг 586 гектар майдонда, шундан 4 минг 21 гектарда томчилатиб, 1 минг 14 гектарда ёмғирлатиб суғориш ҳамда 28 минг 500 гектар майдонда лазерли ер текислагич ёрдамида текислаш ишлари олиб борилди.
“Жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш” лойиҳаси доирасида 21 та қурилиш шартномаси имзоланган бўлиб, қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, “Бўстон” канали(шарқий қисми) ни қайта тиклаш ишлари якунлан. Канални реконструкция қилишда пудратчи томонидан 35,2 километр узунликда 4 692,1 минг м3 ҳажмдаги тупроқ ишлари бажарилди, янгидан 18 дона гидротехник иншоот қурилди. Шу кунгача шартнома бўйича кўзда тутилган 145000 м3 бетонлаш ишлари (35,2 км бетон қоплама ётқизилди) тўлиқ якунланди. “Бўстон” каналининг ғарбий қисмида ҳам кенг кўламли қурилиш ишлари олиб борилаётир. Каналда бетонлаш, тупроқ ишлари ҳамда гидротехник иншоотлар қуриш ишлари давом этмоқда. Ҳозирги кунга қадар 33,4 км узунликдаги каналнинг 32 км қисмида бетон ишлари якунланди.
Кластер корхоналари томонидан амалга оширилиши белгиланган вазифалар бўйича тузилган битим ҳамда “Йўл хариталари” асосида инвестиция мажбуриятлари, фаолиятнинг самарадорлиги бўйича амалга оширилаётган ишлар мониторинг қилиниб, натижа бермаган кластерлар фаолиятини тугатиш ва янгисини ташкил этиш бўйича комиссияга таклифлар киритилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикасида янги технологиялар асосида ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун инвесторларни жалб қилиш мақсадида 55 та инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилди. Ушбу лойиҳаларга инвесторларни жалб қилиш бўйича ишлар давом этмоқда. Нукус шаҳрида «KARAKALPAK BASALTWOOL» масъулияти чекланган жамияти томонидан базальт минералидан вата ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳани келгуси йилнинг декабр ойида ишга тушириш режалаштирилган.
Қорақалпоғистон Республикасида 16 қаватли уй-жойлар қуриш ишлари босқичма-босқич олиб борилмоқда. Ушбу ер майдонлари жойлашган массивларга ичимлик суви тармоқлари ва ички йўллар қурилишини республика бюджети ҳисобидан, электр энергия таъминоти маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётир. “Янги Ўзбекистон” массивларида 120 хонадондан иборат 4 та, тадбиркорлар томонидан 114 хонадонли 3 та уй-жой фойдаланишга топширилди.
Осиё тараққиёт банки иштирокидаги “А-380 “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу” автомобиль йўлининг 673-698 км (25 км) қисмини реконструкция қилиш” лойиҳаси бўйича тендер жараёнлари якунланди. Мазкур лойиҳа 2023-2025 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурининг манзилли рўйхатига киритилди ва амалга ошириш муддати 2024-2026 йилларга белгиланди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 8,9 миллион туп манзарали ва мевали дарахтлар экилди, 8 та йирик саноат корхонаси атрофида “яшил белбоғ”лар ташкил этилди. Шунингдек, иқлим ўзгариши салбий таъсирининг олдини олиш, чўлланиш, қурғоқчилик, чанг-қум бўронлари ва ҳароратнинг кўтарилишига қарши чора сифатида 112,5 минг гектар “яшил қопламалар” – ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилди.
Президентимизнинг 2022 йил 2 февралдаги “Маданият ва санъат соҳасини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доираси ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Нукус шаҳри ва Бўзатов туманида маданият ва санъат йўналиши бўйича ўтказилган “Ёшлар овози” Бўзатов FEST фестивалида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган иқтидорли ёшлар бахшичилик, анъанавий ижро, опера ҳамда эстрада каби йўналишларда ўз маҳоратини намойиш этди. Мўйноқ туманида “Rally Muynak – 2024” мусобақаси, Тахтакўпир туманида “Орол балиқларидан 99 тур таомлар” гастрономик халқаро фестивали, “Аббоз овози – Қаратеран оҳанглари” фольклор фестивали ва бошқа кўплаб тадбирлар ўтказилди. Президентимизнинг “Атоқли қорақалпоқ шоири ва мутафаккири Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида” ги қарори қорақалпоқ адабиётига алоҳида ҳурмат ҳамда ғамхўрликнинг амалдаги намунаси бўлди.
Мамлакатимизда, жумладан, Оролбўйида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, тизимли чора-тадбирлар аҳоли фаровонлигини янада ошириш, турмуш тарзини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Президентимизнинг бугун бошланадиган бу галги ташрифи чоғида ҳам Қорақалпоғистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий соҳаларида юз берган оламшумул янгиланишлар билан танишилади. Шунингдек, тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, ҳудудларни янада юксалтириш, одамлар турмуш даражасини оширишнинг келгусидаги йўналишлари белгилаб олинади.
Довуд Абибуллаев,
Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари