Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 19 апрелдаги “Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 247 та корхонадаги давлат акция пакети ва 1 минг 28 та кўчмас мулк объекти оммавий савдоларга чиқарилиши, шунингдек, 12 та йирик корхонадаги давлат улушининг маҳаллий фонд бозорида бирламчи (IPO) ва (ёки) иккиламчи (SPO) оммавий таклифи ўтказилиши белгиланган.

Мазкур қарор мазмун-моҳиятини тадбиркорлар ва кенг жамоатчиликка тушунтириш, унинг тарғибот ишларини жадаллаштириш мақсадида Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот ҳамда Беруний туманларида хусусийлаштирилиши белгиланган давлат активлари, жумладан, корхоналардаги давлат улушлари, бўш турган давлат мулки объектлари ва сотилиши белгиланган ер участкалари тўғрисида навбатдаги “Roadshow” тақдимоти ўтказилди.

Ушбу тадбирларда жами 350 нафардан зиёд тадбиркор ва инвесторлар, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда йирик корхоналар вакиллари иштирок этди.

Тақдимотда  сўзга чиққанлар, сўнгги йилларда мамлакатимизда хусусийлаштириш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш юзасидан кескин ислоҳотлар амалга оширилиб, тадбиркорлар учун бир қатор янгилик ва қулайликлар яратилганлигини таъкидлаб ўтди. Хусусан давлат активлари 3 ойда сотилмаганда (Тошкент шаҳри ва вилоят марказлари бундан мустасно) уларнинг бошланғич баҳосининг 10 фоизигача босқичма-босқич пасайтирилиши белгиланди. 2024 йил 1 январгача ижара шартномалари асосида ижарага олганига камида 5 йил бўлган ва мажбуриятларни бажарган тадбиркорларга хусусийлаштириш дастурларига кирган давлат мулкини баҳоланган қийматда тўғридан-тўғри сотиб олиш ҳуқуқи берилди.

Давлат мулки сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган бўш ер участкаларига нисбатан шаҳар ва туман  ҳокимликларининг қарздорликлари бўйича тақиқлар татбиқ этилмайди, ушбу ер участкалари аукцион савдоларида сотилганда, харидорларга тўсиқларсиз расмийлаштириб берилади. Ихтисослашуви ҳамда кичик бизнес учун мавжуд шароитдан келиб чиқиб 4 ва 5 тоифаларга киритилган туманларда жойлашган давлат активлари ҳамда мулк ҳуқуқи асосида сотиб олинган ер участкалари бўйича тўловларни, миқдоридан қатъий назар, 5 йил ичида тенг улушларда бўлиб тўлаш имконияти яратилди.

Тадбир иштирокчиларига Давлат активларини бошқариш агентлиги Қорақалпоғистон Республикасида ҳудудий бошқармаси томонидан  2024 йилнинг ўтган даврида жами 73 та давлат активи аукцион савдоларига чиқарилган бўлиб, 77 та давлат активи 45,1 миллиард сўм қийматга сотилиши таъминлангди.Ҳозирги кунда умумий қиймати 77,2 миллиард сўм бўлган 132 та давлат активининг савдоси давом этмоқда.

Тадбирлар якунида иштирокчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан берилган бир қатор саволларга тегишли жавоб берилди. Маҳаллий тадбиркорларнинг бир қатор таклифлари қабул қилинди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.