Ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл тумани “Кўна-Тўрткўл” овул фуқаролар йиғини ҳудудида ноқонуний шоли экилганлиги юзасидан тарқалган видеомурожаатга туман ҳокимлиги расмий муносабат билдирди.
Унда қайд этилишича, Тўрткўл тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси масъуллари мазкур ҳолатни жойига чиққан ҳолда ўрганди. Маълум бўлишича, шоли “Хонқали Рашид-Қудрат” фермер хўжалиги томонидан экилганлиги аниқланди.
Жорий йилнинг 5 август куни ушбу ҳудудда ўрганиш ишлари олиб борилганда, фермер хўжалиги томонидан шоли экиб, сувдан рухсатсиз фойдаланиб келинганлиги аниқланди. Шу тариқа “Сувхўжаликназорат” инспекцияси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси мутахассислари томонидан жарима санкцияси қўлланилган ҳамда ушбу шоли майдонига такроран сув очган тақдирда яна жарима қўлланилиши бўйича огоҳлантирилган.
Шунингдек, ушбу фермер хўжалиги раҳбари тегишли ташкилотлар томонидан бир неча маротаба огоҳлантирилишига қарамасдан шоли экканлиги бўйича туман ҳокимлиги ва фермер хўжалиги ўртасидаги ижара шартномани бир томонлама бекор қилиш бўйича судга даъво аризаси киритилган.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.