Нукусда Мустақиллигимизнинг 33 йиллиги муносабати билан ўтказилган “Энг улуғ, энг азиз” анъанавий кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлди.
Унда, таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 18 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан жойларда “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Мамлакатимизда истиқлол йилларида эришилган улкан ютуқларни кенг оммага етказишда меҳнат қилаётган ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва уларни рағбатлантиришда “Энг улуғ, энг азиз” танлови муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ҳакамлар ҳайъати томонидан шоир ва ёзувчилар, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари ходимларининг, шунингдек, мусаввирлар, халқ амалий санъати вакиллари, кино ижодкорлар ҳамда фотосуратчи ва дизайнерларнинг ижодий ишлари кўриб чиқилди.
Танлов якунида Қорақалпоғистон телевидениеси муҳаррири Шаригул Аметова, “Қорақалпоғистон ёшлари” газетаси мухбири Зибира Абдиниязова, журналист Мияссар Кабулова, ёзувчи Наржан Атабаева, Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими бош илмий котиби Ахмет Хожамбергенов, “Қорақалпоқфильм” давлат унитар корхонаси бадиий раҳбари Гулжаҳон Тажетдинова, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги таржимони Саодат Қурбаниязова ўз йўналишлари бўйича ғолиб деб топилди ва ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (видео), ЎзА.