Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) девони томонидан Қорақалпоғистон Республикасидаги тадбиркорларнинг ютуқларини намойиш этиш ва маҳаллий тадбиркорлар ҳаётини яхшилаш борасидаги саъй-ҳаракатларни кенг оммага етказиш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.
Тадбирнинг асосий мақсади, 2024 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотини ташкил этиш, шунингдек, тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишишдан иборат.
Пресс-тур давомида Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар ҳақида маълумот берилди. Қорақалпоғистон Республикасида 2024 йилнинг биринчи ярмида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари сони 48,9 мингтани ташкил этди. Улардан 27,4 мингтаси хўжалик юритувчи субъектлар (юридик шахслар), 25,5 мингтаси якка тартибдаги тадбиркорлардир.
Вакил девонининг Қорақалпоғистон Республикаси шўъбаси томонидан 2024 йилнинг 6 ойи мобайнида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, тадбиркорлардан 261 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг қарийб 80 фоизи қаноатлантирилган.
Журналистлар бир нечта тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан яқиндан танишдилар. Дастлабки манзил Амударё туманидаги “Amudaryo tomorqa xizmat klasteri” масъулияти чекланган жамият бўлди. 2018 йилда ташкил қилинган жамиятда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилади. 25 нафар киши доимий, 50 нафари мавсумий иш билан таъминланган. Тадбиркорнинг субсидия олиш бўйича туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига электрон шаклда юборган аризаси назоратга олиниб, туман ишчи гуруҳининг жамиятга субсидия ажратиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида ижобий хулоса олиниши таъминланди.
Тадбир иштирокчилари 2022 йилда фаолиятини бошлаган “Indigo Nukus” масъулияти чекланган жамият – хусусий мактабгача таълим ташкилотида бўлди. Мазкур таълим ташкилотига ажратилган кредит маблағлари юзасидан имтиёз қўллаш бўйича тегишли ҳужжатлар тўпланиб, кўриб чиқиш учун банкка тақдим қилинди. Натижада кредит қайтаришнинг сўнгги муддати 2031 йил ноябрь ойига қадар узайтириб берилиши таъминланди.
Пресс-тур доирасида оммавий ахборот воситалари вакиллари Кегейли туманида жойлашган “Kegeyli Tex Group” масъулияти чекланган жамият фаолияти билан танишдилар. 2024 йилда ўз фаолиятини бошлаган корхона йилига 3 миллион дона кийим-кечак ишлаб чиқариш қувватига эга. Маҳсулотларнинг асосий қисми Қозоғистон ва Россияга экспорт қилинади. Жорий йилда корхона 504 минг долларлик экспорт ҳажмига эришди ва ички бозорда 1 миллиард 200 миллион сўмлик маҳсулот сотди. Масъулияти чекланган жамиятида 120 нафардан ортиқ ишчи меҳнат қилмоқда. Йил якунига қадар яна 500 га яқин янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Пресс-тур иштирокчилари Нукус шаҳридаги “Nitsa Nukus” масъулияти чекланган жамиятда ҳам бўлди. Бугунги кунда 25 нафар маҳаллий аҳолини иш билан таъминлаган тадбиркорлик субъекти туризм соҳасида фаолият кўрсатиб келмоқда. Тадбир доирасида мазкур жамият фаолияти, туризм соҳасидаги имкониятлар ва ютуқлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Жамият тадбиркорлик фаолияти давомида ер солиғи билан боғлиқ масалага дуч келган. Бизнес-омбудсман ёрдамида тўрт баравар миқдорида ҳисобланган солиқ бекор қилинган.
Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат+видео) ЎзА.