Тошкентда “Сиёсий тизимни демократлаштириш ва модернизация қилиш шароитида қонун ижодкорлиги ва парламент назорати: Ўзбекистон тажрибаси” мавзуида халқаро давра суҳбати ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан ташкил этилган тадбирда сенаторлар, депутатлар, тегишли вазирлик ва идоралар, сиёсий партиялар, хорижий мамлакатлар парламентлари вакиллари, нодавлат нотижорат ташкилотлари мутасаддилари, экспертлар гуруҳи иштирок этди.
Тадбирда Олий Мажлис Сенати раисининг ўринбосари Светлана Ортиқова, Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Сарвар Отамуродов, Япония давлат ташқи ишлар вазири Кадзуюки Накане, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Жон Макгрегор, БМТ Болалар жамғармасининг (ЮНИСЕФ) мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн ва Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили Томас Кунце сўзга чиқди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилиш Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналиши сифатида қайд этилади. Хусусан, унда мамлакат ички ва ташқи сиёсатига оид муҳим вазифаларни ҳал этишда, ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент назоратини амалга оширишда Олий Мажлис ваколатларини янада кенгайтириш орқали қабул қилинаётган қонунларнинг ижтимоий, сиёсий, социал-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнига таъсирини кучайтириш кўзда тутилади.
Тадбир доирасидаги йиғилишларда қонунларни ишлаб чиқишда фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини ошириш, демократик тамойилларга асосланган қонун ижодкорлиги тизимини такомиллаштириш, мазкур жараёнларда замонавий тенденциялар, парламент билан ОАВ ўртасидаги ҳамкорлик масалалари миллий ва хорижий экспертлар томонидан кенг муҳокама қилинди.
Мамлакатимизда парламентни изчил, узлуксиз ва тадрижий ривожлантириш, унинг давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги ролини оширишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилган. Ўтган йиллар мобайнида самарали ва таъсирчан парламент назоратини амалга оширишга йўналтирилган 10 дан зиёд қонун қабул қилинди. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришда устувор аҳамият касб этган Ҳаракатлар стратегиясининг қабул қилиниши қонун ижодкорлиги ва парламент назорати соҳасидаги кенг кўламли ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.
Учрашувда, шунингдек, қонун ижодкорлиги ва унинг долзарб масалалари, парламент назоратининг шакллари, уни амалга оширишда сиёсий партияларнинг ўрни ҳақида сўз юритилди.
– Бугунги кунда мамлакатимизда қонун ижодкорлигини демократлаштириш жараёни кечмоқда, – деди Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, депутат Раҳим Ҳакимов. – «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастури ижроси доирасида “Mening fikrim” веб-порталининг ишга туширилгани фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш, давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашга хизмат қилаётир. Мулоқотда ислоҳотларнинг ўз вақтида сифатли амалга оширилишида муҳим аҳамият касб этадиган таъсирчан парламент назоратини таъминлаш борасидаги миллий ва халқаро тажриба юзасидан ўзаро фикр алмашдик.
Давра суҳбатида хорижий экспертлар томонидан АҚШ, Буюк Британия, Германия, Италия, Канада, Жанубий Корея каби давлатларда қонун ижодкорлигининг замонавий усул ва тамойиллари, парламент назорати амалиётининг қиёсий таҳлили, давлат бошқаруви тизимида сиёсий партияларнинг ўрни тўғрисида маълумотлар тақдим этилди.
– Ўзбекистон бой давлатчилик тарихига эга мамлакат, – деди Япония давлат ташқи ишлар вазири Кадзуюки Накане. – Бугун мамлакатингизда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам буюк келажак қуриш йўлидаги саъй-ҳаракатдир. 25 йиллик тарихга эга Япония – Ўзбекистон муносабатлари стратегик шерикликка асосланади. Биз бу каби ислоҳотларни юксак баҳолаган ҳолда мамлакатларимиз парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш тарафдоримиз. Бугунги тадбирдаги иштирокимиз эса бу йўлдаги муҳим қадам бўлиб қолади.
Тадбир якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан мамлакатимизда қонун ижодкорлиги, парламент назоратини янада кучайтириш бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.