Қозоғистон Коррупцияга қарши кураш хизмати мамлакат собиқ Президенти Нурсултон Назарбоевнинг жияни Қайрат Сатибалди томонидан давлатга қайтарилган активлар ҳақида хабар берди. Департамент маълумотига кўра, 2022 йилдан буён Сатибалди ва унга алоқадор шахслар ноқонуний қўлга киритган 732,8 миллиард тенге ёки 1,6 миллиард доллардан кўпроқ қийматдаги мулкий активлар ва маблағ, жумладан Австрия, Лихтенштейн, БАА, Туркия каби давлатларда топилган 661,5 миллион доллар давлат ғазнасига кирим қилинган.

Ушбу моддий бойлик маъмурий бино, эксклюзив заргарлик буюмлари, ҳашаматли уй, квартира ва автомобиль, компаниялардаги улуш ва бошқа маблағлар кўринишида экани айтилган.

Аксил коррупция тизими ходимлари қайтган активларнинг бир қисмини эълон қилди. Бу – “Казактелеком” АК ва “CФТС” АЖ акцияларининг 28,8 фоизи, тўрт компаниядаги иштирок улуши, 230 миллион долларлик эксклюзив заргарлик буюмлари. Австриядан 82,1 миллион доллар, Лихтенштейндан 260,5 миллион доллар, БААдан 14 миллион доллар, Туркиядан 2,2 миллиард тенге ёки 4,92 миллион доллар қайтарилди.

Бундан ташқари мамлакатдаги 115 объект давлат мулкига айлантирилди: 13 уй, 10 бино, 13 ер майдони, 4 хонадон, 2 мадраса биноси, 2 автотураргоҳ, қурилиши тугалланмаган бир объект. Шунингдек, 29 автомашина, бешта махсус техника топширилди.

– Мулкнинг бир қисми яқин қариндошлар, филиаллар ва назоратдаги компаниялар номига расмийлаштирилган, – таъкидланади банотда. – Остона ва Олмаота шаҳарларида давлат ихтиёрига ўтказилган маъмурий биноларнинг умумий майдони 180 минг квадрат метрдан ошади.

Ҳашаматли объектлардан бири – Сатибалдининг Оқмола вилояти Барап қишлоғидаги собиқ қароргоҳининг умумий майдони 1,5 минг квадрат метр. Мазкур ҳудуд 135 гектар ер майдони билан бирга Остона шаҳри таълим бошқармасига берилган.

Қайрат Сатибалди 2022 йил март ойида ҳибсга олиниб, сентябрда “Казахтелеком”да ўғирлик ва фирибгарлик тизимини ташкил қилгани учун олти йилга озодликдан маҳрум этилган.