Давлатимиз раҳбарининг Оролбўйи ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратаётган алоҳида эътибори ва ғамхўрлиги натижасида бугунги кунда кенг кўламли қурилиш ҳамда бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда.
– 2024 йил Инвестиция дастури доирасида 61 та ижтимоий соҳа ва бошқа объектлар қурилиши белгиланган, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири вазифасини вақтинча бажарувчи Азимжон Қурбонбаев. – Шундан, 6 та соғлиқни сақлаш, 35 та умумтаълим мактаби, 8 та мактабгача таълим ташкилоти, 4 та спорт ва 8 та бошқа объектлардир.
Қорақалпоғистон Республикасига ажратилган жами 1 триллион 141 миллиард сўмнинг 47 фоизи молиялаштирилган бўлиб, шундан бугунги кунга қадар 149,3 миллиард сўмлик ишлар ҳажми бажарилган. Қурилиш-таъмирлаш ишлари лимитга нисбатан ўзлаштириш 57 фоизни ташкил этмоқда. Шунингдек, 35 та умумтаълим мактаби объекти, 8 та мактабгача таълим ташкилоти молиялаштирилиб, бугунги кунда ушбу объектларда қурилиш монтаж ишлари жадаллик билан амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 30 апрелдаги “2024 йилда ипотека кредитларини ажратиш механизмларини такомиллаштириш ва аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси бўйича қабул қилинган Дастур доирасида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича Нукус шаҳри ва 15 та туманда жами 4 минг 336 квартиралик 114 та кўп қаватли уй-жой қурилиши белгиланган.
Қорақалпоғистон Республикаси қурувчилари ўзларининг касб ҳамда мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз уч йиллик байрамини муносиб кутиб олмоқда. Айниқса, энг улуғ, энг азиз байрам арафасида шаҳар ва туманлар марказларида, чекка ҳудудларда замонавий турар-жойлар, ижтимоий соҳа объектлари қад ростламоқда.
Президентимизнинг мамлакатимиз қурувчиларига йўллаган байрам табригидан руҳланган соҳа вакиллари янада куч-ғайрат ва шижоат билан меҳнат қилишга бел боғлашган.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.